Эшик ортидаги зўравонлик
Аёл шундай зотки, оиласи, фарзандлари учун барчасига чидашга, сабр қилишга қодир. Кўп ҳолларда эри урган, қайнонаси томонидан тазйиққа учраган тақдирлар ҳақида эшитамиз. Аммо оила қўрғони бизда шундай мустаҳкамки, эшик ортидаги зўравонлик ташқарига чиқиши мумкин эмас, уят ҳисобланади. Айниқса, чекка ҳудудларда. Қарашлар, урф-одатлар бунга изн бермайди. Қанчадан-қанча аёлларимиз жисмоний, руҳий тазйиқлар остида яшамоқда. Уларга ким кўмак беради?
Бундан 25 йил олдин “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази гендер зўравонликдан азият чеккан ёки қийин ҳаёт шароитида бўлган аёлларга ёрдам қўлини чўзиш мақсадида ташкил этилган эди. У ҳаётда қийналган аёллар ва болалар учун илк “Ишонч маркази”га айланди. Бу маскан юридик маслаҳатлар бериш, психологик ёрдам кўрсатиш, қишлоқ жойлардан келган қизлар ва аёлларни касбга ўқитиш, шунингдек, кам таъминланган аёллар учун микрокредит ажратиш бўйича минглаб хотин-қизларга кўмак берди.
- Ўн йил олдин Оқдарё, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳрида касбий маҳоратга эга бўлиш учун маҳаллий ривожланиш марказлари ташкил этилди, - дейди директор ўринбосари Элвира Содиқова. - Йиллар ўтиб, бутун республикада шу каби марказлар очила бошлади. Ўтган йили Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятларида яна учта маҳаллий ривожланиш маркази очилди. Ўтган йили Самарқанд вилоятида икки мингдан зиёд абитуриент касб-ҳунарга ўқитиш курсларида қатнашди. Улар орасида кам таъминланган аёллар ва оиладаги зўравонлик қурбонлари ҳам бор.
Эрта турмушдан рўшнолик кўрмадим
- Мен жуда эрта турмуш қурганман, - дейди касб-ҳунарга ўқитиш курси талабаси. – Оила қургач, кўп ҳам яшамай турмуш ўртоғим билан Россияга ишлаш учун кетдик. Бу орада икки нафар ўғлимиз туғилди. Уларнинг тарбияси билан бувиси шуғулланарди. Чет элдаги ҳаётга тезда мослашиб кетдим, аммо эрим яхши ишламасди. Кунларнинг бирида у юртимизга қайтишга қарор қилди.
Шундан сўнг оилавий келишмовчиликлар бошланди. Доимий жанжаллар, норозилик ниҳоят оиламизни барбод қилди. Эрим иккинчи марта уйланди. Болаларим билан кўчада қолдим. Маҳаллага кўмак сўраб борсам, менга аёлларга ёрдам берадиган марказ борлигини айтишди ва “Сабр” маркази билан танишдим. Бу ерда мен нафақат касб-ҳунарга ўқитиш курсларида ўқидим, балки ҳаётга бўлган қизиқишим ортди, келажакка ишонч билан қарай бошладим. Ҳозир марказ ёрдамида уйимдан чиқмасдан пул ишлайман - қўшниларим учун маникюр қиламан ва тикиш учун буюртмалар оламан. Биз учун бу ерда мулоқот, етакчилик ва ишбилармонлик қобилиятлари ҳамда бозор иқтисодиёти асослари бўйича ўқув семинарлари ўтказилди. Паст Дарғом тумани ҳокимлигига яшаш жойи бериш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилдим. Мурожаатим инобатга олиниб, навбатга қўйилдим. Умид қиламанки, яқин йилларда менинг орзуим амалга ошади ва ўзимнинг уй-жойим бўлади.
Шу вақтгача марказ руҳий зўриқишдан қийналган юзлаб аёлларга ўзига бўлган ишончни қайтаришда, янгидан ҳаёт бошлашга ва жамиятда муносиб ўрнига эга бўлишга куч топишда ёрдам берди.
Ўзбек аёли урф-одатлар асосида яшашга одатланган
Ўтган йили марказ ишонч телефони- (66) 233-66-66 рақамига 607 та қўнғироқ қилинган. Мурожаат қилганларнинг асосий қисми руҳий ва жисмоний зўравонлик қурбонлари, тушкунликка тушиб қолган, моддий қийинчиликларга дуч келган аёллар.
- Ҳар куни оилавий зўравонликка учраган аёллар мурожаат қилишади, - дейди “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази психологи Зилола Ҳабибова. - Аёллар ҳар доим ҳам бизга келиш учун куч тополмайди. Чунки бизда гендер тенглиги ва оиладаги зўравонлик ҳақида индамаслик одат тусига кирган. Афсуски, гендер тенглиги йўлида қилинадиган ишлар ҳали ҳам етарли эмас, Бизнинг аҳоли, айниқса, аёлларимизнинг аксарияти ўз ҳуқуқларини билишмайди, ҳуқуқий саводхонлиги йўқ. Бу ачинарли, албатта. Халқимиз стереотип ва урф-одатлар асосида яшашга одатланган. Бу муносабат ва фикрларни ўзгартириш учун қонунларни мактабдан бошлаб қизлар ва ўғил болаларга кенг тарғиб қилиш ва чуқур ўқитиш керак.
Марказда касб-ҳунарга ўқитилгандан сўнг, муҳтож аёллар уч ойдан бир йилгача йиллик 2 фоиз ставка билан микрокредит олиш имкониятига эга. Бу имконият аёлларга бошланғич капитални олишга ва ўз бизнесларини бошлашларига ёрдам бермоқда.
Замира БАЛТАЕВА.