Етти бобоси бахши ўтган Эргаш Жуманбулбул ўғли қишлоғида бир хонали мактаб очган

Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Қўрғон қишлоғида туғилган. Унинг етти ота-бобосигача XVII-XIX асрларнинг таниқли достончилар бўлган.

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг улкан шоир-достончи бўлиб етишувида оиласи ва қишлоғидаги бой адабий муҳит катта роль ўйнаган. Достончилик таълимини отаси Жуманбулбулдан олган.

1884-1886 йилларда у Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиб, форс тилини ўрганган, араб тили билан танишган, ҳуснихат машқ қилган. Навоий, Фузулий, Ҳофиз, Бедил, Машраб, Маҳтумқули асарларини мутолаа этган. Қишлоғига қайтиб, мустақил ўқиш, достончиликда маҳоратини ошириш билан шуғулланган, маълум муддат деҳқонлардан кафсан йиғувчи бўлган. 1887-1889 йилларда Бухоро амирлигига қарашли Нурота беклигининг амлокдорларидан бири Қўзибекка мирза (котиб) бўлиб ишлаган.

Ўлкада бошланган қаҳатчилик, чигиртка ва вабо тарқалиши натижасида дарбадарликда ҳаёт кечирган. 1912-1922 йилларда Булунғур, Ғаллаорол, Ургут туманлари, Жиззах ва Панжакент атрофидаги қишлоқларда табиблик, қиссахонлик, шеърхонлик қилиб юрган, баъзан достонлар куйлаган. 1923 йилда қишлоғига қайтган. 1924 йил Қоракиса қишлоғида бир хонали мактаб очган.

Эргаш Жуманбулбул ўғли 1925 йил Самарқандга келган. 1926—1928 йилларда Булунғур тумани Қирқшоди қишлоғида Пўлкан шоир, Фозил Йўлдош ўғли билан биргаликда ёд билган достонларини ёздириш ва ўзи ёзиб қолдириш билан шуғулланган. 1929-1936 йилларда Эргаш Жуманбулбул ўғли ўз қишлоғида, асосан, деҳқончилик ишлари билан машғул бўлган, достончиликда шогирдлар етиштиришни давом эттирган. 1936 йилда Тошкентга келиб, 1937 йил апрелигача фольклоршунос Ҳ.Зарифов уйида яшаган. 1937 йил апрель охирларида қишлоғига қайтиб вафот этган.

Эргаш Жуманбулбул ўғли анъанавий достон ва термаларни куйлаб келиш билан бирга ўзи ҳам баракали ижод қилган. Унинг «Таржимаи ҳол» достони, «Келдим», «Тошкент таърифида», «Қизил», «Турсуной», «Охунбобоев», «Ғози Олим», «Отажон Ҳошим», «Шоирларга раҳбар Ҳоди», «Эшон», «Асов қизлар», «Бир ҳафта хўп бўдци ёғин» каби термалари эътиборга молик.

Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳақида китоблар нашр этилди, ҳужжатли фильм яратилди. 1972 йил майда шоир туғилган куннинг 100 йиллиги кенг нишонланди. Нурота тумани марказида унга бюст ўрнатилди. Қўрғон қишлоғида мақбараси, ҳайкали ва уй-музейи бор. 2019 йилда ушбу мажмуа реконструкция қилинди.