Ever Given контейнер ташувчи кемаси саёзликдан чиқарилди

Бир неча кун илгари “Evergreen” транспорт компаниясининг Панама байроғи остида сузаётган Ever Given контейнер ташувчи кемаси Сувайш каналида саёзликка ўтириб, Ўрта ер денгизи ва Қизил денгиз ўртасидаги кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Салкам 200 минг тонна юки бўлган бу кема Осиё ва Африка қитъаларини иккига ажратиб турган каналга кўндаланг туриб қолиб, икки томонлама ҳаракатни тўсиб қўйди. Шу кунгача уни буришга қилинган барча уринишлар бесамар кетди.  

29 март куни эрта тонгда контейнер ташувчи кеманинг жойидан қўзғатишга муваффақ бўлинди, дейилади Миср сув магистрали бошқармаси тарқатган хабарда. Ҳозирда кема шимол томонга қараб ҳаракатланишга ҳозирлик кўрмоқда.

Ўз навбатида Сувайш канали маъмуриятининг раҳбари Усама Рабианинг «The Wall Street Journal» газетасига берган хабарига кўра, “контейнер ташувчи”нинг маълум бир қисми саёзликдан чиқариб олинган. Айни пайтда тортувчи кемалар бу улкан кемани ўнглашга ҳаракат қилмоқда.

У.Рабианинг таъкидлашича, кемани қутқариш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Бунинг учун Нидерландиядан келтирилган 285 тонналик Alp guard шатакка олувчи улкан кема ва қўшимча 17 та ўрта ҳажмдаги буксирлар ҳаракат қиляпти.

Дилмурод Тўхтаев тайёрлади.