АҚШ сув ости дронлари ёрдамида Тайвань атрофида “ўйин қоидаларини ўзгартириш” ниятида

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари штаб бошлиғи адмирал Майкл Гилдай яқин орада Тайвань бўғозидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартиришга қодир бўлган бешта пилотсиз сув ости аппаратини синовдан ўтказмоқчи эканликларини маълум қилди.

"Бизнинг биринчи йирик сув ости кемамиз ҳозир Калифорния қирғоқлари яқинида ва жуда муваффақиятли синовдан ўтказилмоқда. Ундан кейин қўшимча бешта учувчисиз сув ости кемаси келади. Улар яширинча мина қўйиш имкониятига эга. Бу ўйин қоидаларини ўзгартиради", - деди Гилдай АҚШ Қуролли хизматлар вакиллар палатасида.

Шу тарзда у конгрессменлардан бирининг АҚШ денгиз соҳасидаги қуролларини модернизация қилиш ва Пекин томонидан Тайванга бостириб кириш режаларини амалга оширишнинг олдини олиш учун ҳозир қандай чоралар кўриши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берди.