Антарктида музликлари ўз қаърида нацистларнинг қандай сирини сақлаб келмоқда?
Дунё олимлари иккинчи жаҳон уруши тугаганига 74 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳануз Антарктида қитъасида учинчи Рейхнинг нацистлари томонидан барпо этилган ер ости шаҳарчаси - Янги Швабиянинг сирини билишга қизиқиб келишмоқда. Бу ердаги яширин объектларда ер юзини йўқ қилиб юборишга қодир сирли қуроллар сақланаётган эмиш. Хўш, асрий музликлар остида бутун дунё олимларининг бошини қотириб келаётган сирли ер ости бункерлари ростдан борми ёки бир афсонами?
Афсонавий америкалик тадқиқотчи ва сайёҳатчи, флот адмирали Ричард Берд 1946 йилги воқеаларга бағишлаб ёзган хотираларида фашистларнинг сирли ер ости шаҳарчасини йўқ қилишга қаратилган «Баланд сакраш» деб номланган ҳарбий амалиётлар ҳақида батафсил баён қилган. Нацистларнинг яширин ҳарбий базаларини вайрон қилиши мўлжалланган АҚШнинг 4 минг кишилик ҳарбий қўшини 1948 йилгача берилган топшириқни муваффақиятли амалга ошириб келди. Аммо, тўсатдан қумондонликдан берилган буйруқ уларни музликдаги ҳудудни тарк этиб, уйига қайтишга мажбур қилди. Полк ортга қайтишда оғир талофатга учради. “Мэрдок” чўктирилиб, кема авиациясига қарашли қирувчи самолётларининг тенг ярми уриб туширилди.
Йўлда жуда кўп аскар ва офицерлар ҳалок бўлди. Ҳарбийлар бунинг сабабини қанчалик сир сақлашга ҳаракат қилмасин, барибир, матбуотда ошкор этилди. Айтишларича, Антарктида қирғоқлари яқинида кемаларга музни ёриб учиб чиққан номаълум «учар ликопча»лар ҳужум қилган экан. Улардан йўналган кучли электромагнитли нур тўлқинлари юзлаб аскарларни ҳалок қилибди.
Адмирал Р.Берд махфий юришдан қайтиб келгач, жуда катта масофани қисқа вақт ичида босиб ўтиб кемаларга ҳужум қилган НУЖлар ҳақида маълумот тайёрлади. Ушбу маълумотдан сўнг ҳарбийлар саломатлигидан ташвишланган ҳукумат расмийлари сирли юришда иштирок этган барчани тиббий даволаниш учун юборди. Лекин Антарктида тубида нацистларнинг сирли ҳарбий базалари ҳақида ҳақида турли миш-мишлар бутун дунёга тарқалиб кетди. Бу эса дунё ҳамжамиятининг янада қўрқувга солди.
Бундан ташқари, немис адмирали Карл Деница, унинг сув ости кемалари 1943 йилда ер юзидаги ҳақиқий жаннати жойни топганлигини ва у ерда фюрер учун махсус қалъа барпо қилинганлигини таъкидлаб ўтган. Рейхнинг махсус «СС» қисмининг архивида топилган ҳужжатларда ер остидаги конденционер билан жиҳозланган махфий ғорлар борлиги, 1939 йилдан бошлаб эса у ерга кемаларда тадқиқотчи мутахассис-олимлар ва қазишма ишларини олиб борувчи замонавий маxсус теxникалар ташилганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Ганс фон Кранцнинг маълумотларида янада аниқроқ тасвирланган. Унинг отаси “Аненербе”, яъни, «Аждодлар мероси» (немис нацистларининг махфий ташкилоти) аъзоси бўлган. Отасининг айтишича, Янги Швабия - ер ости шаҳарчасининг аҳолиси музликлар тубида яшовчи номаълум келгиндилар билан ўзаро мулоқотда бўлишган. Бу ҳақда расмий маълумотлар қайд қилинмаган бўлса-да, бироз вақт ўтгач, Москвадаги бир тадбирда уруш йилларига оид фото ва ёзма ҳужжатлар эълон қилинди. Бу эса анча шов-шувларга сабаб бўлди.
Хўш, шунчалик ишончли ер ости бункерларига яширилган архив ҳужжатлари қандай қилиб СССР давлат хавфсизлик хизмати ходимлари қўлига тушиб қолган экан? Бу ҳам олимлар учун яна битта «чақилмас ёнғоқ» - бошқотирма бўлиб қолди.
Бу ҳақда дастлабки маълумот 1945 йилда СССР давлат хавфсизлик хизмати комиссарига келиб тушди. Н.Меркуловнинг айтишича, «СМЕРШ»нинг изқуварлари Гитлерга тегишли яширин архивни қўлга киритишган. Ундаги хариталарда ер ости дунёси цивилизацияларига ўтиш йўлаклари тасвирланган эди. Аммо, уларни тайёрлаган Дахау маҳбуслари ўлдириб юборилган. Уларда лабиринтлардан ўтиш бўйича йўриқномалардан ташқари сув тубига шўнғиш керак бўлган жойлар ва уларнинг аниқ координаталари ҳам кўрсатилган. Олимлар НУЖлар пайдо бўлганида, ер ости шаҳри аҳолисини қуроллардан ўқ отмасликдан ва компасларнинг тўсатдан бузилиб қолишига эътибор қаратмасликдан огоҳлантирилганлигини билиб қолишди. СССР Xалқ комиссари ушбу лойиҳада ишлаган Шарқий Европа давлатларида яшаётган тадқиқотчи олимларни излаб, ҳибсга олиб зудлик билан Россияга жўнатишларига буйруқ берди.
Ушбу чоралар жуда катта ёрдам берди. Чунки қўлга тушган кўплаб сув ости кемалари капитанлари уруш даврида юзлаб одамларни юклари билан океаннинг маълум бир нуқтасига олиб боришган, кейин улар кемаларда яна аллақаерларга сузиб кетганлигини таъкидлашди. Капитан Ханс Шеффер Пасха оролида 200 киши ва 1000 та олтин сақланган қутиларни қолдирган. Немиснинг ғайриоддий сўзлари Совет ҳукуматини қизиқтириб қўйди ва зудлик билан Немис ҳарбий-денгиз флоти қўмондонларини қўлга олишга буйруқ берди. Аммо денгизчилар бундай воқеаларни олдиндан сезиб, ўзларини инглизлар қўлига топширишди.
Аммо, фюрернинг қитъадаги мавжуд артефакт топилмаларни кашф қилиниши ҳамда ўз ихтиёри билан келиб яшашни истаганларни олиб келиш тўғрисидаги махфий қарори қўлга тушгач, денгизчиларни кўрсатмаларининг аҳамияти қолмади. Гитлер мазкур қарор ижросини ўз ҳаммаслаги Мартин Борман зиммасига юклаган экан.
Немислар 1938 йилда қалин муз қатламлари орасида яшашга яроқли ҳудудларни топишган. Шунингдек, уларнинг ўз ери ва қуёши ҳам бўлган. Лойиҳа бўйича дастлабки уч ойда 5 минг киши сув тубидаги янги шаҳарчада ҳаёт бошлашлари керак бўлган. Рус флоти адмирали Кузнецов нацистларнинг маршрути бўйлаб юриб, экспедициянинг ҳаққонийлигини текшириб кўришни таклиф қилиб чиқди. Аммо бу амалга ошганми, йўқми маълум эмас. Бу ҳам тадқиқотчи олимлар учун сир бўлиб қолди.
Ҳозирги кунда мутаxассислар вақт ўтган сари тарих қаърига чўкаётган ушбу воқеаларга бироз бўлса-да, аниқлик киритишга ҳаракат қилишмоқда. Улар нацистларнинг сув ости кемалари Антарктида остида бундай узоқ йўлни босиб ўтишини имкони бўлмаган деган хулосага келишган. Чунки сув ости кемаларнинг техник ускуналари сувда 280 метрдан чуқурга шўнғишга қодир бўлмаган. Шунингдек, улар карст бўшлиғи учун зарур бўлган эхоледомерга ҳам эга бўлишмаган. У фақат уруш тугагандан сўнг 10 йил ўтгачгина ихтиро қилинган. Юқоридаги ҳужжатларига ишониш қийин бўлса ҳам барибир бу оxирги сўнгги қарор эмас.
Унда, ким қудратли АҚШ ҳарбий эскадрасини тумтарақай қочишга мажбур қилди? Немислар ростдан ҳам Андарктидада ўта махфий ҳарбий базаларни қурганми? Уруш якунида Учинчи рейх яратган сирли қуроллар ва минглаб малакали немис мутахассислари қаёққа ғойиб бўлди? Янги Швабия деб аталмиш ер ости шаҳарчасини сирини ким топади?
Шу ва шунга ўхшаш ўнлаб саволларга қудратли батискафлар (сув остини ўрганишда ишлатилувчи замонавий илмий-тадқиқот сув ости кемаси) ёрдамида қалин Антарктида музларини тешиб ўтилсагина жавоб топиш мумкин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.