Эйнштейн: Шон-шуҳрат орқасидан қувишдан кўра, камтарин ҳаёт кўпроқ бахт ва осойишталик келтиради
Инсониятнинг машҳур вакиллари доимо диққат-эътиборда бўлиб келган. Шундай ажойиб инсонлардан бири ўз ишлари билан кўп жиҳатдан замонавий физиканинг асосини яратган Альберт Эйнштейн бўлиб, у мулойим, дўстона, хушчақчақ ва беқиёс жозибаси билан илм-фан тарихидаги севимли ва таниқли шахслардан бирига айланган. Бугун сизни афсонавий олимнинг ҳаётидан бир неча қизиқарли воқеалар билан таништирмоқчимиз.
Кимлигингиз муҳим эмас
Альберт Эйнштейннинг паришонхотирлиги тўғрисида афсоналар юради. Бир куни ҳаёт мазмуни ва инсониятнинг глобал муаммолари тўғрисида ўйлаб кўчада сайр қилаётиб, ўзининг эски танишини учратиб қолибди ва уни кечки овқатга таклиф қилибди:
- Бугун кечқурун уйимизга келинг, профессор Стимсон ҳам бўлади.
– Ахир мен профессор Стимсон-ку?! - ҳайқириб юборди у.
– Ким бўлишингиз муҳим эмас. Лекин барибир келинг, - йўлида давом этди Эйнштейн.
Икки буюк инсон ёзишмаси
ХХ асрнинг биринчи ярмида дунёда ҳақиқатан ҳам икки киши - Альберт Эйнштейн ва Чарли Чаплин машҳур кишилардан саналарди. “Олтин васвасаси” фильми чиққанидан сўнг олим комедиантга ушбу мазмундаги телеграммани юборди: “Бутун дунё тушуниб олган фильмингиздан ғоят завқландим. Тасанно, шубҳасиз, сиз буюк инсон бўласиз”.
Бунга қарата Чаплин “Сизга ҳам тасаннолар бўлсин! Сизнинг нисбий назариянгиз дунёда ҳеч кимга тушунарли эмас. Шунга қарамай, сиз буюк инсонсиз”, деб жавоб йўллабди.
Абадият ва вақт тўғрисида
Бир куни америкалик журналист аёл физикдан абадият ва вақт ўртасидаги фарқни тавсифлаб беришини сўради. Бунга жавобан Альберт Эйнштейн шундай жавоб берди: “Агар буни сизга тушунтиришга вақтим бўлса, сиз тушуниб олгунингизгача абадият керак бўлади”.
Улуғ ғоялар камдан-кам келади
Яна бир журналист Эйнштейндан ўзининг улуғ ғояларини қаерга қайд қилиб қўйиши тўғрисида сўради. Олим мухбирнинг қўлидаги қалин ён дафтарига қараб жавоб берди:
- Яхши йигит, улуғ фикрлар ҳақиқатан ҳам жуда камдан-кам учрайдики, уларни эслаб қолиш унчалик қийин иш эмас!
***
1922 йилда Эйнштейн Токиода бўлиб, у ерда маъруза ўқирди. Бир куни у турган меҳмонхонада хабарчи телеграмма олиб келибди. Эйнштейн унга чойчақа бериш мақсадида ёнида майда пули бўлмаганми ёки япон анъаналарига кўра, хабарчи ундан пул олишдан бош торганми... Қисқаси, унга миннатдорчилик билдириш истагида бўлган олим қоғозда бир неча сўзларни ёзди ва “Қачонлардир бу варақа бирор бир қийматга эга бўлади”, дея унга узатди.
2017 йилда хабарчи ўз жиянига васият қилган ушбу варақа ким ошди савдосида бир ярим миллион АҚШ долларига сотилди.
Унда шундай ёзилган эди:
“Шон-шуҳрат орқасидан қувишдан кўра, камтарин ҳаёт кўпроқ бахт ва осойишталикни келтиради”.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.