Фарзанд ақл-заковатли бўлиб туғилиши учун ота-она неча ёшда бўлиши керак?

Ёки фарзанд интеллектига таъсир қилувчи омиллар

Дунёда ёшлигида болали бўлишга интилмасдан, фарзанд кўришни кейинроққа суриб қўяётган аёллар сони кўпайиб бормоқда. Турли мамлакатлар олимлари кеч туғиладиган болаларнинг ақл-заковати ота-онасининг ёши ва бошқа омиллар билан боғлиқлигини аниқлаб берган кенг кўламли тадқиқотлар ўтказди.

Боланинг ақл-заковати ота-онанинг ёшига боғлиқ

Ҳар бир янги туғилган чақалоқда ота-онасида бўлмаган 70 га яқин мутация мавжуд. Бундан ташқари, уларнинг катта улуши онадан эмас, ота томонидан ўтади: эркак қанчалик катта бўлса, у бевосита зурриёдининг когнитив қобилиятларга таъсир қилувчи кўп сонли мутацияларни беради. Мутациялар қанчалик кўп бўлса, фарзанднинг интеллектуал ривожланишга мойиллиги пастроқ бўлади. Бошқача айтганда, отасининг ёши қанчалик катта бўлса, фарзанд учун унчалик яхши эмас экан.

Она ёши билан бўлган вазият бироз бошқача. Аёл қанчалик катта бўлса, боланинг интеллектуал ривожланиши шунчалик юқори бўлади. Тадқиқотчилар бу ерда асосий ролни генлар эмас, балки ижтимоий-маданий омил ўйнашини тан олишади: катта ёшли аёл маълумотли, тажрибали, у ўзини яхши назорат қила олади ва таваккаликларга мойил эмас.

Қандай бўлмасин, статистик маълумотлар жуда ёш оналарнинг фарзандлари секинроқ ривожланишини аниқлаб берди.

Боланинг ривожланиши онанинг ҳомиладорлик пайтида қанчалик асабийлашганига боғлиқ

Асаб тизими яхши ривожланиши учун мия баъзан стресс остида бўлиб туриши керак, дейди тадқиқотчилар. Шу билан бирга, уни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик керак: ортиқча ҳаяжон, албатта яхши нарсага олиб келмайди, - қўшади мутахассислар.

Ушбу фикрни ҳисобга олган ҳолда Жонс Хопкинс университети олимлари  барчаси олий маълумотли, ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан соғлом бўлган бир нечта аёлларнинг ҳомиладорлик давридаги, шунингдек, фарзандлари 2 ёшга тўлгунга қадар стресс даражаси ва болаларининг ақлий қобилиятларини ўлчаб, текширув ўтказди.

Маълум бўлишича, енгил ёки ўртача даражада ташвишланган оналар фарзандлари ақлий ва жисмонан анча яхши ривожланган. Модомики,  аёл зўр бериб стрессга дучор бўлган бўлса, унда унинг боласи ривожланишда тенгдошларидан орқада қолган.

Бу олимларга бола миясининг ривожланиши онанинг ҳомиладорлик давридаги енгил стрессидан фақат фойда кўради, деган хулосага келишга имкон берди.

Албатта, яна кўп омиллар чақалоқнинг ақлий ривожланишига таъсир қилади. Мисол учун, ҳомиладор аёлнинг эски сантехникаси бор ёки деворлари 20 йил олдин бўёқ билан бўялган уйда яшаши тавсия этилмайди, чунки иккаласида ҳам қўрғошин бўлиши мумкин.

Бошқа мутахассислар ҳомиладорликдан олдин қалқонсимон безни текшириш кераклиги ҳақида огоҳлантиради: агар аёлда қалқонсимон без функцияси паст бўлса, фарзандининг IQ даражаси паст бўлиши мумкин. Қандай бўлмасин, шифокорлар фарзанд туғилишига ҳар томонлама ёндашишни маслаҳат беришади: боланинг камолоти, соғлом муҳитни таъминлаш учун қўшимча чоралар кўриш жуда муҳим.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.