Фарзанд ютуғидан ҳаммадан кўра оналар хурсанд бўлади

Шаҳзод Элмуродов Нарпай фарзанди. Шу туманнинг Болғали маҳалласида туғилиб, ўсди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳарбий қисм махсус вазифаларни бажариш отряди гуруҳ командири сифатида фаолият юритади.

Шаҳзод шу йилнинг 28 июнда Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда Президентнинг қўлидан “Мард ўғлон” давлат мукофотини қабул қилиб олди. Бундан унинг онаси Зуҳра Бадирова ҳаммадан кўпроқ хурсанд бўлди.

- Икки ўғлим, икки қизим бор, - дейди З.Бадирова. – Қизларим тиббиёт йўналишини танлаган. Ўғилларимнинг иккаласи ҳам ҳарбий. Улар менинг икки қанотим. Яқинда кичик ўғлим Шаҳзоджон “Мард ўғлон” мукофотига сазовор бўлганида қувончим ичимга сиғмади, ўзимни осмонда учиб юргандек ҳис қилдим. Болалигида бир нарсалар ихтиро қилиб бувисига кўрсатарди. Онам эса уни олтин медаллар олишини сўраб дуо қиларди. Бугун шу дуолар ижобат бўляпти.

Шаҳзод Элмуродов спортнинг қўл жанги ва каратэ турларига қизиқади. У бир неча бор Ўзбекистон ва Осиё чемпионлигини қўлга киритган.

- Мукофотни Президент қўлидан қабул қилиб олганим мен учун ғурур, - дейди у. – Давлатимиз раҳбари уни менга топшираётиб, “Шахсан менинг раҳматимни, табригимни ота-онангга, устозларингга етказиб қўй. Келгусида сендан умидим катта”, деганларида икки карра хурсанд бўлдим ва бу менга катта масъулият юклаганини ҳис этдим.  

- Шаҳзоджон ўқувчиларимиз орасида билими, хулқи, ташаббускорлиги билан ажралиб турарди, - дейди тумандаги 18-мактаб директори Ғолибжон Раҳмонов. – Бугун ҳам ютуқлари билан ука-сингилларига ўрнак бўлиб келяпти. Мактабимизда “Шаҳзоджон - фахримиз” деб номланган бурчак ташкил қилганмиз. 

Шаҳзоднинг орзулари кўп. У ўқишни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида давом эттириб, магистрлик дипломини олишни ният қилган. Спорт йўналишида эса жаҳон ареналарида давлатимиз байроғи баланд кўтарилишига сабабчи бўлиш, асосийси, ота-онасига муносиб, ватанпарвар фарзанд бўлиш энг катта мақсадидир.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).