Фарзандлар саломатлигини асраш биз учун муҳим
30 йилдан буён болажонларнинг саломатлигини тиклаб, уларнинг дардига даво, касалига шифо топиб келар эканман, уларнинг шодон табассуми дунёдаги энг ажиб туйғу эканлигига амин бўламан.
Соғлом фарзанд соғлом келажак эканлигини мана шу дақиқаларда англаб етаркансан киши.
Бугун давлатимиз томонидан аёллар, болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани биз, тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклаётгани сир эмас. Шифохоналар замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланаётгани, мураккаб жарроҳлик амалиётларининг ўзимизда ўтказилаётгани тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор самараси.
Бунга ўзим фаолият юритаётган 1-сон шаҳар болалар шифохонасининг сўнгги йилларда ҳар томонлама замонавийлик касб этаётганида ҳам кўраман. Шифохонамиз 2022 ва 2023 йиллар давомида 4 бора ташаббусли бюджетда ғолиб бўлди. Натижада янги олиб келинган УЗИ, ЭЭГ, ЭКГ, лаборатория, физиатерапия ҳамда реанимация бўлимлари учун олиб келинган замонавий тиббий аппаратлар ва асбоб- ускуналари биз, шифокорларга касалликларни эрта аниқлаш ва унга самарали даво чораларини кўриш учун янада қулайлик яратди.
Шунингдек, шифохонамизнинг ҳам ички, ҳам ташқи томони реконструкция қилиниб, болалар майдончаси қайта таъмирланди. Бемор болаларни парваришлаш учун уларнинг оналарига янада қулайлик яратиш мақсадида хоналар оналар ва болалар учун алоҳида ётоқ мебеллари билан жиҳозланди. Кутиш ҳамда мажлислар зали замонавий кўринишга эга бўлди.
Болаларнинг саломатлигини асраш, уларнинг касаллига аниқ ташхис қўйиб, самарали даволаш борасида қилинаётган ишлар салмоқли. Буни фарзанди касалига шифо топиб, соғлом бағрига босган оналаримизнинг табассумида кўриш мумкин.
Муборак Ҳосилова,
олий тоифали шифокор.