Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: Йил бошидан буён 26 киши чўкиб, ҳалок бўлган
АОКАда бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари ёз мавсуми билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 май кунига қадар ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг сувда-қутқарув гуруҳлари томонидан жами 26 фуқаронинг чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар юзасидан қутқарув ва излаш ишларини амалга оширилган.
Улардан 3 нафари чўмилиб, 12 нафари чўкканликда гумон қилинган, 16 нафари эҳтиётсизлик оқибатида, 1 нафари ўз жонига қасд қилиш ва 1 нафари жиноят оқибатида чўкканларга тўғри келади. Энг ачинарлиси, чўкканларнинг 14 нафари (38,5 фоиз) вояга етмаганлар ҳисобланади.
2020 йилда жами 165 та чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисага чиқишлар қайд этилган бўлиб, улардан 57 тасида кишиларнинг чўмилиш қоидаларига амал қилмаслиги оқибатида сувда чўкиш, 40 нафари чўкишда гумон қилинганлар, 58 нафари эҳтиётсизлик оқибатида чўкиш, 6 нафари ўз жонига қасд қилиш ва 4 нафари жиноят оқибатида чўкишларга тўғри келади. Ушбу чўккан фуқароларнинг 56 нафари (34 фоизи) вояга етмаганларни ташкил қилади.
Чўмилиш мавсумида хавфсизликни таъминлаш бўйича аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларининг амалга оширилиши ҳам аҳоли, айниқса, ёшларнинг билимларини оширишга хизмат қилиб, огоҳликка чақиришда катта ўрин тутади.
Айни йўналишда 2020-2021 йилларнинг шу кунига қадар республика бўйича 419 та семинар ва 18 615 та суҳбат ташкил қилиниб, 496 534 та эслатма тарқатилган.