Фидойи тарбиячи эди

Ёшларга тарбия беришда самарали меҳнат қилган, ўқув жараёнларини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатган устоз-мураббийлар бугун орамизда бўлмаса-да, жамоадошлари, ўқувчилари қалбидан жой олганлар кўпчиликни ташкил қилади. Шундай инсонлардан бири психология фанлари номзоди Зулайхо Ҳасановадир.

З.Ҳасанова 1969 йил 9 январда Қашқадарё  вилоятининг Китоб  туманида таваллуд топди. У дастлаб туманидаги 1-ўрта мактабда таҳсил олди. Мактабни тугатгач, Самарқанд давлат педагогика институтига ўқишга кирди.

1991 йилда институтни имтиёзли диплом билан тамомлаб, 1992-2000  йилларда Самарқанд давлат педагогика институтининг бошланғич таълим услубияти кафедрасида катта лаборант вазифасида  фаолият кўрсатди.

Тинимсиз меҳнати ва изланишлари натижасида 2001-2006 йилларда Самарқанд давлат универститетининг психология кафедрасида ўқитувчилик қила бошлади.

Зулайхо Ҳасанова илмий изланишларини давом эттириб, 2007-2012 йилларда психология кафедрасида катта ўқитувчи бўлди. Профессор В.Каримова раҳбарлигида “Касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг оила типи (модели) тўғрисидаги ижтимоий тасаввурлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. У педагогик фаолияти давомида 50 дан ортиқ илмий мақолалар ёзди, ёшларга сабоқ берди, шогирдлар тайёрлади.

Турмуш ўртоғи Равшан Ҳасанов билан уч ўғил ни улғайтирди.

Афсуски, ўлим ҳақ. Моҳир устоз, тажрибали тарбиячи З.Ҳасанова 2017 йил 17 февралда бевақт оламдан ўтди. Гарчи, олима бугун ҳаёт бўлмаса-да, унинг эзгу ишлари фарзандлари, шогирдлари ва яқинлари қалбида абадий яшайди.

СамДУ умумий психология кафедраси жамоаси.