Фирдавсий майдони очилди

Самарқанд шаҳри Фирдавсий кўчасида қомусий олим Абулқосим Фирдавсий майдони очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят фаоллари ва Самарқанд шаҳар жамоатчилиги вакиллари Президентимизнинг ташаббуси билан вилоятимизда кейинги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Фирдавсий кўчаси ва бу ердаги тарихий Панжоб мадрасаси таъмирланиши халқимиз маънавий меросини асраб-авайлаш борасидаги ишларнинг ёрқин ифодаси бўлди, – деди Самарқанд вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси, ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ташаббускорларидан бири Н.Ибрагимов.

– Бу ерда мавжуд 24 та хонада форс, араб ва инглиз тилларини ўқитиш, миллий либослар, каштачилик, бичиш-тикиш, ипак гилами тўқиш, заргарлик, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа асбоблари ясашга ўқитиш ва ўргатиш, кутубхона ва мадраса тарихи музейи, китоблар ва шу ерда ишлаб чиқарилаётган мҳсулотлар савдоси фаолияти йўлга қўйилди. Бинода махсус музокаралар ва учрашувлар ўтказиш хонаси ташкил қилинди ҳамда “Ўзбекистон-Эрон дўстлик жамияти”нинг иши фаоллаштирилди. Ҳомийлар кўмаги билан мадраса биносига туташ “Панжоб” масжидида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари мадраса атрофидаги айрим бино ва иншоотлар бошқа жойга кўчирилиб, кўркам майдон ташкил этили ва шу пайтгача мадраса ҳовлисида бўлган Абулқосим Фирдавсий ҳайкали ушбу майдонда ўрнатилди.

Фирдавсий номи билан аталувчи 3,2 километр масофадаги кўча тўлиқ таъмирланиб, асфальт ётқизилди, пиёдалар йўлаклари, сув қувурлари, электр ва алоқа тармоқлари тартибга келтирилди, тунги ёритгичлар ўрнатилди, светофор тармоқлари янгиланди, йўл бўйлаб гулзорлар яратилди.

Тадбир иштирокчилари мадраса ва масжидда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.