Фотомодель бўлишни орзу қилган қизни чув туширган фирибгар қўлга тушди
2020 йилнинг 27 август куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани М.Ганди кўчаси 10/27-уйда яшовчи, 1989 йилда туғилган Н.Ф., Қашқадарё вилояти Шахрисабз шаҳар Соҳибкор кўчаси 17-уйда яшовчи, 1989 йилда туғилган Т.С.нинг ишончига кириб, ўзини таниқли журнал фотосуратчиси сифатида таништиради.
Уни қадимий обидалар олдида суратга тушириш мақсадида Бухоро шаҳрига олиб келиб, фотосуратларини журналнинг бош саҳифасига чиқариб уни фотомодель сифатида машҳур қилишини айтиб, журналнинг ҳар бир саҳифаси учун қизга 850.000 сўмдан тўлов тўлашга келишиб, жабрланувчи Т.С.дан меҳмонхона харажатлари учун 650.000 сўм нақд пулларини алдов йўли билан олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, 2-сонли Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан муқаддам худди шу каби жиноятни содир этганлиги учун судланиб, жавобгарликка тортилган Ф.Н. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар беришича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.