Франция конституциявий кенгаши пенсия ислоҳотини маъқуллади
Мазкур олий назорат органига кўра, ташаббуснинг деярли барча қоидалари, жумладан, пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтариш ва нафақаларни қисқартириш мамлакат асосий қонуни ва республика тамойилларига мос келади.
Олтита банд рад этилди. Улар орасида ишчилар сони 300 дан ортиқ бўлган корхоналар учун ёши каттароқ ишчиларнинг минимал сонини жорий этиш киради. Бундан ташқари, конституциявий кенгаш мухолифатнинг пенсия ислоҳоти бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги таклифини рад этди.
Энди Франция президенти Эммануэль Макрон ўзгартиришлар киритилса, сайловолди ваъдаларидан бирини амалга оширадиган ташаббусни имзолаши мумкин. Елисей саройи процедуранинг бу қисмини кечиктирмаслик кераклигини тушунтирди. Келгуси ҳафта бошида ислоҳот кучга кириши мумкин.
Сешанба куни эса Макрон касаба уюшмалари вакилларини учрашувга таклиф қилмоқчи. Ислоҳот мухолифлари ҳозирда бундай музокаралар бўлиши даргумон, деб жавоб беришди ва март ойида бутун мамлакат бўйлаб бир неча миллионгача одамни тўплаган ва Францияда аср бошидан бери энг оммавий бўлган норозилик намойишларини давом эттиришга ваъда беришди.