Францияда коронавирус билан боғлиқ қалтис вазият кузатилмоқда
Франция илмий кенгаши раҳбари Жан-Франсуа Дельфрессининг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси билан янги касалланганларнинг бир кунлик сони, ташхис қўйилмаган ва белгиларсиз касалланганларни ҳисоблаганда 100 минг нафарни ташкил этмоқда. У вазиятни қалтис, деб баҳолади. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
25 октябрь куни Sante Publique санитар хизмати сўнгги бир кеча-кундузда 52 мингдан ортиқ янги касалланиш ҳолатлари қайд этилганини маълум қилди. Ушбу кўрсаткич мамлакат учун рекорд натижа ҳисобланади. Францияда пандемия бошланганидан буён 1 138 507 нафар одам COVID-19 инфекцияси билан касалланди, 34,7 мингдан ортиқ бемор вафот этди.
“Биз жуда оғир, ҳатто қалтис вазиятда турибмиз. Илмий кенгаш маълумотига кўра, бир кунда 100 мингдан ортиқ одам касалланмоқда”, деди Дельфресси BFMTV радиостанциясига берган интервьюда.
У ушбу рақамлар ташхис қўйилмаган ва белгиларсиз касалланганлар билан бирга ҳисобланганлигини таъкидлади.
“Шундай қилиб, вирус жуда катта тезлик билан тарқалаётганини айтиш мумкин. Биз бундай ҳолат иккинчи тўлқинда кузатилишини кутмаган эдик. Ўзимиз ҳам сўнгги ўн кун ёки икки ҳафта давомида кузатилаётган бундай вазиятдан ҳайратдамиз”, деб қўшимча қилди илмий кенгаш раҳбари.