Францияда оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди

Франциянинг Нант шаҳрида “Кенг қамровли хавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа Франция парламентининг қуйи палатаси томонидан 24 ноябрь куни қабул қилинган эди. Бу ҳақда Euronews нашри хабар берди.

Баҳсли қонун лойиҳасининг 24-моддасида полиция ходимларининг “жисмоний ва руҳий яхлитлигига” зарар етказиш мақсадида полициячилар суратларининг чоп этилиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Мазкур қонунга Франция ОАВ полиция ҳаракатларини ёритиш чекланишидан хавотирланиб, қарши чиқди.

Қонун тарафдорлари, хусусан, ички ишлар вазири Жеральд Дарманен таъқиб, таҳдид ва зўравонлик хавфи остида бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари шахсини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Мамлакат бош вазири Жан Костекс модданинг мазмуни қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Қонун лойиҳаси атрофидаги можаро Парижда қора танли мусиқа продюсери Мишель Зеклернинг полиция томонидан калтаклангани тасвирга олинган видеолавҳа тарқалганидан сўнг янгитдан авж олди.

Дастлаб Зеклернинг ўзи айбланувчи сифатида қайд этилди. Бироқ видеолавҳа тарқалганидан сўнг хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш ва далилларни қалбакилаштириш айби билан тўрт нафар полициячи ҳибсга олинди.