Фуқаролар секторлар фаолиятидан розими?
Ўрганишимизни туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи бириктирилган 4-сектор ҳудудидан бошладик. Ушбу сектор ҳудудида 7 маҳалла мавжуд. Аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2017 йилда секторнинг "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган ва унда ҳал қилиниши лозим бўлган 51 масала киритилган. Туман давлат солиқ инспекциясининг сектор бўйича масъул ходими М.Холиқуловнинг таъкидлашича, бу масалаларнинг барчаси ҳал этилган.
Бу маълумотнинг қанчалик тўғри эканлигини билиш мақсадида сектор ҳудудидаги маҳаллаларда бўлдик.
Назар маҳалласида яшовчи тадбиркор И.Ҳамдамовнинг умумий овқатланиш ошхонасини замонавий таъмирлаш, фаолиятини кенгайтириш учун коллеж битирувчиси бўлган ўғли номига банкдан кредит ажратилишига амалий ёрдам сўраган мурожаати сектор "Йўл харитаси"га киритилган. Муддати 2017 йил 5 октябрга белгиланган. Фуқаро билан суҳбатлашганимизда бу муаммо ҳанузгача ҳал этилмаганлигининг гувоҳи бўлдик.
– Тўғриси, бу масаланинг ҳал бўлишига ишончимиз ҳам қолмади, – дейди И.Ҳамдамов. – Ҳужжатларни икки марта тайёрладик. Сектор раҳбарига мурожаат қилганимда ёрдам беришини айтганди. Аммо натижа йўқ. Бир йилдан буён югур-югурларга кетган харажатимга таъмирлаш ишларининг бир қисмини бажариб қўйган бўлардим. Ўғлимнинг ҳам тадбиркорликка бўлган қизиқиши сўнди. Энди Россияга ишлашга кетаман, деб туриб олган. Тадбиркорга кўмак беришнинг ўрнига уни ортиқча оворагарчилик билан қизиқишини сўндирса, буни қандай тушуниш мумкин?
Фуқаронинг сўзларини тинглаб, бизга барча масала ҳал этилган, деб маълумот берган масъул ходимга юзланамиз. У барча айбни Миллий банкнинг Жомбой тумани филиалига ағдариб қўя қолди.
"Йўл харитаси"да қайд этилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тўғрилашда амалий ёрдам сўраган шу маҳаллада яшовчи Ж.Маматов мурожаати билан қизиқдик. Назар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Дўстов маҳаллада бундай фуқаро истиқомат қилмаслигини билдирди. Худди шундай масалада Гулистон маҳалласида яшовчи Ж.Шарипов ҳам мурожаат қилган. Маҳалла масъул котиби Ж.Бекқулова эса ҳудудда бундай фуқаро яшамаслигини маълум қилди.
Бу ҳолатлар бўйича яна масъул ходимдан изоҳ сўрадик. У эса елка қисди. Номи бору ўзи йўқ фуқароларнинг мурожаатлари "Йўл харитаси"да қандай пайдо бўлиб қолганига жавоб тополмадик. Хулоса ўзингиздан.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи масъул бўлган 3-сектор штабига йўл олдик. Жомбой қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида жойлашган сектор штабида афсуски, бирорта масъул ходимни учратмадик. Штабдаги фуқароларни қабул қилиш хонаси қулфланган. Аслида секторлар штабида навбатчилар рўйхати шакллантирилган бўлиши ва у асосида фуқароларни қабул қилиш хонасида навбатчи бўлиши лозим. Аммо 2017 йил декабрь ойидаги навбатчилик рўйхати илинган, 2018 йил январь ойидаги рўйхат эса йўқ.
Коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг айтишича, бир ҳафтадан буён сектор штабининг фуқароларни қабул қилиш хонаси очилмаган ва навбатчи ҳам турмаган. Халқ билдирган ишонч, масъулиятли вазифа ва ишга бўлган муносабат шу ҳолатдан ҳам аён.
Телефон орқали ҳам масъулларни тополмаганимиздан сўнг сектор ҳудудидаги маҳаллаларда бўлдик. Қўлимиздаги маълумотга кўра сектор ҳудудида 9 та маҳалла мавжуд. Шулардан бири Эски Жомбой маҳалласи. Маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Б.Абдураҳмоновадан сектор фаолиятининг маҳалладаги муаммоларни ҳал этишдаги ҳиссаси ҳақида сўрадик.
– Мен саволингизга маҳалланинг бир фуқароси сифатида жавоб бераман, – дейди у. – Қишнинг совуқ кунларида суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммомиз бор. Аҳоли газ баллонларини тўлдиришга қийналяпти. Газ баллонларини ойлаб алмаштиролмаймиз. Бу борадаги мурожаатимиз ҳанузгача ҳал этиб берилгани йўқ.
– Маҳалламизни электр энергияси билан таъминловчи трансформатор эскирган, – дейди шу маҳаллада яшовчи Р.Исоқов. – Трансформатордан фойдаланаётган хўжаликлар сони белгиланган миқдордан ошиб кетган. Шунинг учун электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўляпти. Бу масала ҳам ечим топгани йўқ.
Ушбу сектор ҳудудидаги Зарафшон маҳалласидамиз. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Ҳасанованинг таъкидлашича, маҳаллада сектор иштирокида бир қатор масалалар ҳал этилган, аммо ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор.
– Маҳалламиздаги Ўртабўз қишлоғи аҳолисининг фарзандлари катта кўчани кесиб ўтиб, 57-умумтаълим мактабига қатнайди, – дейди у. – Аммо йўлнинг ўқувчилар кесиб ўтадиган қисмида светофор йўқ. Ўтган йили 1-синф ўқувчисини машина уриб кетди. Ачинарлиси, яқинда яна шу оиланинг 6-синфда ўқийдиган фарзанди билан ҳам шундай ҳолат такрорланди. Бир оила кетма-кет икки фарзандидан айрилди. Бу каби нохуш ҳолатлар содир бўлса-да, светофор ўрнатиб беришни сўраб қилган мурожаатимиз эътиборсиз қолмоқда.
Алишер Навоий маҳалласида бўлганимизда ижобий ҳал этилган масалаларга ҳам дуч келдик.
– Биз истиқомат қиладиган икки қаватли 60-уйда 16 та хонадон истиқомат қилади, – дейди Н.Ботирова. – Ёғин-сочин кунларда хонадонимиздан томчи ўтарди. Бу масалада сектор раҳбарига мурожаат қилгач, ўтган йилнинг сентябрь ойида уй томи тўлиқ ёпиб берилди.
Туман ҳокимлиги масъул ходими маълумот беришича, 2017 йилда жами 734 та масала туман "Йўл харитаси"дан жой олган. Шундан 96 таси ҳал этилмаган ва 2018 йилги "Йўл харитаси"га киритилган.
Тўғри, секторлар томонидан кўпгина масалалар ижобий ечим топгандир. Аммо биз секторлар фаолиятини ҳисоботлар, қоғозда кўрсатилган рақамлардан холи равишда халқ фикрини тинглаш орқали ўргандик. Зеро, давлатимиз раҳбари айтганидек, қилган ишимизга фақат халқ баҳо беради. Халқ берган баҳони эса юқорида ўқидингиз.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
"Зарафшон" мухбири.