Фуқароларга хизмат қилиш муносибларга насиб қилади

Айрим ҳолларда «Қонун қабул қилинди, лекин нима ўзгарди, фақат қоғоз қоралашдан кимга, нима наф», деган ноўрин фикрларни эшитиб қоламиз. Ваҳоланки, қонунчиликка киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ёки қўшимчалар аниқ мақсад ва вазифаларга хизмат қилади.

Мисол учун, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунда замонавий давлат фуқаролик хизматчиларини шакллантириш, бунинг учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва адолатли жазо мехназмлари белгиланган.

Чунки Қонун билан янгича турдаги интизомий жазо турлари ҳам жорий қилинди. Хусусан, Қонуннинг 46-моддасига асосан, давлат фуқаролик хизматчиларига қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин бўлади:

- хайфсан;

- ўртача иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдордаги жарима;

- малака даражасини пасайтириш;

- лавозимини пасайтириш;

- эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш.

Кўриниб турибдики, илгаригидан фарқли тарзда давлат фуқаролик хизматчиларига фақатгина ўртача иш ҳақининг 30 фоизигача жарима қўлланилади, холос. Ваҳоланки, амалдаги Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ, агар корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида кўрсатилган бўлса, ходимга ўртача иш ҳақининг 50 фоизигача жарима ҳам қўлланилиши мумкин эди. Демак, энди интизомий жазо ўртача иш ҳақининг 30 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Малака даражасини пасайтириш эса бутунлай янги жазо. Умуман, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматчиларига даражалар берилади. Интизом бузилганлиги учун ана шундай малака даражаларини пасайтириш чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.

Қолаверса, энди давлат фуқаролик хизматчиси интизомни бузганлиги учун уни бошқа, пастроқ лавозимга ўтказиш амалиёти ҳам қўлланилади.

Шу ўринда яна бир гап. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасида лавозим маошига қўшимча устамалар рағбатлантириш чораларидан бири, яъни рағбатлантириш турларидан бири эканлиги белгиланган. Яъни, қонунда устамалар Меҳнат кодексидан фарқли равишда рағбатлантириш чораси эканлиги кўрсатилган.

Шу билан бирга «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддасида давлат фуқаролик хизматчисининг интизомий жавобгарликка тортилиши унга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилишини бекор қилмайди.

Яъни, Меҳнат кодексидан фарқли равишда юқоридаги Қонунга кўра давлат фуқаролик хизматчисига интизомий жазо қўлланилиши унга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллашга тақиқ қўймайди.

Айни пайтда яна бир маълумотни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ: 2022 йил 14 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари ҳамда Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

Қарорда одоб-ахлоқ қоидаларини бузган хизматчиларга интизомий ва бошқа турдаги жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкинлиги кўзда тутилмоқда (Жазо турларини юқорида айтдик).

Мисол учун, одоб-ахлоқ қоидаларида «хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш» белгиланган. Шунингдек, «Оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш» ҳам акс этган.

Демак, давлат фуқаролик хизматчиси ишласа, нафақат бошқалар билан чиройли муомала қилиши, балки оилавий муҳитини ҳам тўғрилаб қўйиши керак. Зотан, оила аъзоларига ғамхўр бўлмаган, болаларини бир четга ташлаб қўядиган ёки фарзандларини ахлоқсиз қилиб тарбиялаётганларга ҳам комиссия хулосаси билан интизомий жазо чоралари (эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўлиши ҳам мумкин) қўлланилади.

Баҳодир Қаршиев,

вилоят ҳокимлиги бош юрисконсульти.