Ғалла майдонларида учрайдиган бегона ўтларга қарши қандай курашиш керак?

Республикамиз ғаллазорларида бегона ўтларнинг 200 га яқин тури учрайди. Улар қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади, ҳосил миқдори ва сифатини пасайтиради.

Бегона ўтлар ғалла ниҳолларига нисбатан ўта агрессив бўлиб, илдизидан ажраладиган холин ва бластохолин кимёвий моддалари таъсирида экинларнинг уруғларини униб чиқиш даражаси пасайтиради. Тупроқдаги намлик (сувни 330-1900 марта) ва минерал озуқаларни маданий ўсимликка нисбатан 10 марта кўп истеъмол қилади.

Бегона ўтларнинг зарарини олдини олиш мақсадида буғдой 2-3 та барг чиқаргандан найчалаш давригача, униб чиққан бегона ўтларнинг бўйи 10-15 см бўлган давр, яъни апрель ойигача кимёвий ишловлар ўтказилиши зарур. Бир йиллик икки паллали бегона ўтлар (жағ-жағ, ёввойи сабзи, юлдузўт, олабута, итузум, банги-девона, исмалоқ, лолақизғалдоқ, рапс, чумчуқтил, шўра, мойчечак кабилар)га қарши “Трибенурон-метил” асосли препаратларни гектарига 20 грамм ҳисобида қўллаш тавсия этилади. ОВХ ва штангали пуркагич билан сепилганда, 1 гектар майдонга 20 грамм препарат ҳисобида 600 литр сувга 40 грамм миқдорда қўшиб, 2 гектар майдонда ишлов ўтказилади. Моторли қўл пуркагичи билан сепилганда, 10 литр сувга 0,5 грамм ҳисобида қўшиб 2,5 сотих майдонга қўлланилади. Кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар (қўйпечак, отқулоқ ва бошқалар)га қарши “Флуроксипир” асосли препаратлар гектарига 0,75-1,0 литр ҳисобида, “Флуметсулам+флорасулам” асосли препаратлар гектарига 0,05-0,06 литр ҳисобида, “Трибенурон метил+тифенсул фуронметил” асосли препаратлар гектарига 30 грамм ҳисобида қўлланади. ОВХ ва штангали пуркагич билан сепилганда, 1 гектар майдонга 0,5 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 1 литр миқдорда қўшиб, 2 гектар майдонга қўллаш тавсия этилади. ОВХ ва штангали пуркагич билан ишлов ўтказилганда 1 гектар майдонга 0,4 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 0,8 литр миқдорда қўшиб, 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ. Моторли қўл пуркагичи билан 10 литр сувга 10 мл ҳисобида қўшиб, 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим.

Одилжон Шомуродов,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Паст Дарғом тумани фитосанитар давлат назорати инспектори.