Гавҳар АЛИМОВА: Биринчи оиласидан қонуний ажрашмай, шаърий никоҳ билан уйланаётган эркакларга қатъий чора кўриш керак
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Президент Ш.Мирзиёев томонидан таклиф этилган “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни тезроқ қабул қилиш кераклигини таъкидлади.
– Менга аёллардан бўлаётган мурожаатларнинг аксарияти – эркакларнинг оиласидан қонуний ажрашмай туриб, хотинини ҳайдаб юбориб, бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олаётгани билан боғлиқ, – дейди Г.Алимова. – Бундан жуда кўп аёллар, уларнинг фарзандлари жабр кўрмоқда. Аммо эркакка ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Бундай ҳолатлар учун қонунларимизда жавобгарлик чораларини кучайтириш лозим. Янги қабул қилинадиган қонунларда буни эътиборга оламиз, албатта. Майли, менга кўпчилик қарши чиқар, бу кимларгадир ёқмас, лекин ана шундай ҳолатлар ҳақида телевидениеда кўрсатув қилмоқчимиз.