Газ чақнаши оқибатида хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган

Бугун, 30 ноябрь куни соат 7:42 да Тошкент вилояти Янгийўл тумани, Истиқлол кўчаси, "Қирариқ" МФЙ да жойлашган 80-уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Бирламчи маълумотларга кўра, чақнаш натижасида уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган.

Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 йилда туғилган И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р. ва 2009 йилда туғилган И.С. олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган.

Чақнаш оқибатида И.С., И.Р. вафот этган бўлиб, И.Н. ва И.С. турли даражада тан жароҳатлари олган.

Бирламчи маълумотларга кўра, чақнашнинг асосий сабаби сифатида табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши тахмин қилинмоқда.

Воқеа жойида Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ, ФВБ, ССБ ва тегишли идораларнинг куч ва воситаларини жалб қилинган бўлиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишингизни сўрайди.

Фавқулодда вазият рўй бериши сабаблари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинган.