Газ идораси ходимига ўткир тиғли жисм билан оғир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда газ идораси ходимига ўткир тиғли жисм билан оғир тан жароҳати етказилгани оқибатида воқеа жойида вафот этганлиги ҳақида хабар тарқалди.
Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, шу йил 9 октябрь куни тахминан соат 18:00 ларда “Сирдарётумангаз” корхонаси метрология бўлими бошлиғи Ш.Қ. Сирдарё тумани, “Дўстлик” маҳалласи, Бодомзор кўчасида яшовчи фуқаро К.Ф.нинг яшаш хонадонига газ истеъмоли учун қарздорликни ундириш мақсадида келган.
Шу жараёнда улар ўртасида вужудга келган ўзаро жанжал оқибатида дастлаб газ идораси ходими Ш.Қ. пичоқ билан К.Ф.нинг чап кўкрак қафасига бир маротаба урган, сўнгра К.Ф. пичоқни олиб қўйиб Ш.Қ.нинг турли жойларига бир неча маротаба уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Ш.Қ. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ томонидан К.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатлари Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинди.