“Ғазабингни боса олмаганингда битта михни устунга қоқиб қўй!”
Бир куни физика-математика факультети профессори маъруза қила туриб доскага катта 1 рақамини ёзди ва талабаларга тушунтира бошлади:
- Бу ҳаётдаги энг муҳим сифат – сизнинг инсонийлигингиз.
Сўнг бир рақамининг ёнига 0 қўйди ва:
- Бу сизнинг ютуқларингиз, у инсонийлигингизни 10 баравар оширади. Яна бир 0 – бу инсон тажрибаси. Энди сиз 100 га айландингиз.
Шу тариқа кетма-кет нолларни қўшиб борди: эҳтиёткорлик, одоб-ахлоқ, муҳаббат....
- Ҳар бир қўшилган 0 инсонни 10 маротаба кўркамлаштириб, фазилатларини оширади, деди профессор.
Тўсатдан у рақамлар қаторининг бошидаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Тахтада қадрсиз, фойдасиз, маъносиз ноллар қолди. Профессор деди:
- Агар сизда инсонийлик бўлмаса, қолган амалларингиз аҳамиятсиз, пуч ва бефойда.
***
Жавондаги чиройли идишда қалам ва ўчирғич яшарди. Улар дўстона муносабатда бўлиб, бир-бирига ёрдам бериб турарди.
Бир куни қалам суҳбатини узр сўрашдан бошлади, лекин ўчирғич у нима учун кечирим сўраётганини тушунолмади.
Қалам тушунтирди:
“Ҳар сафар хато ёзсам, сен ўчириб ташлайсан, хатоларим билан бирга ўзингнинг бир қисмингни йўқотасан ва камайиб, қачонлардир йўқ бўлиб кетасан. Бу мени жуда ташвишга солмоқда”.
Ўчирғич жилмайиб жавоб берди:
“Ҳа бу рост, лекин бу менинг тақдирим. Хато қилганингни кўрганимда, сенга ёрдам бера олишимдан мамнунман ва бу ҳар сафар содир бўлганида хурсанд бўламан. Шунинг учун ташвишланма. Шундай бўлиши керак!”
Ҳисса: Ота-оналаримиз ўчирғич, биз болалар эса қаламмиз. Улар ҳар доим ёрдам беришга тайёр ва хатоларимизни тўғрилаш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишади. Вақт ўтиши билан ота-оналар “ўчирилади” – улар қаришади ва бизни абадий тарк этишади. Биз ҳар доим улардан вақтимизни аямасдан ғамхўрлик ва меҳр кўрсатиб туришимиз керак.
***
Жуда ғазабланган, ўзини боса олмайдиган бир йигит бор экан. Кунларнинг бирида отаси унга бир халтачада мих бериб, ҳар сафар ғазабини боса олмаганида битта михни устунга қоқиб қўйишни маслаҳат берибди.
Биринчи куни устунда бир неча михлар қоқилди. Кейинги ҳафта у ғазабини жиловлашни ўргана бошлади ва кун ўтган сайин устундаги михлар сони камая бошлади. Йигит ўзининг қизиққонлигини бошқариш мих қоқишдан кўра осонроқ эканлигини тушуниб олди.
Ниҳоят ўзини хотиржам тутадиган кунлар келди. Йигит бу ҳақда отасига айтди. Отаси энди у ҳар сафар ўзини тийганида, устундан битта михни тортиб олиши кераклигини айтди.
Вақт ўтиб, йигит отасига устунда битта ҳам мих қолмаганлиги тўғрисида хабар берди. Шунда отаси ўғлининг қўлидан тутиб, устун томон бошлади:
- Ўғлим, берган маслаҳатимни олдинг, ғазабингни жиловлай олишни ўргандинг, лекин устунда қанча тешик борлигини кўряпсанми? Бу излар ҳеч қачон ёпилмайди ва олдинги ҳолатига қайтмайди. Бирор кишига ёмон гап айтганингда, унинг юрагида худди шу тешиклар сингари чандиқ қолади. Бундан кейин неча марта кечирим сўрасанг ҳам, чандиқлар битмайди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.