Ғазода тинчлик ўрнатилиши кутилмоқда
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюциясини қабул қилди
АҚШ президенти Жо Байден томонидан илгари сурилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш тўғрисидаги таклифга кўнишга қаратилган резолюция лойиҳасини БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо 14 та мамлакат ёқлаб овоз берган. Россия овоз бермади ва унга вето қўймади.
Режа уч босқичдан иборат. Унинг биринчи босқичида ўт очишни вақтинча тўхтатиш, Исроилда ҳибсда ушлаб турилган фаластинликлар эвазига ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилганлардан тирикларни озод қилиш, ўлганларининг жасадларини бериш назарда тутилган, деб ёзади BBC News. Иккинчи босқичда эса Исроил қўшинларининг Ғазо секторини тўлиқ тарк этишлари, шунингдек “жанговар ҳаракатларнинг доимий асосда тўхтатилиши” кўзланган. Учинчи босқичда АҚШ ва халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши билан минтақани кенг кўламли қайта тиклаш режаси бошлаб берилади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарори қабул қилинганидан кўп ўтмасдан ҲАМАС резолюциянинг маъқулланишини олқишлашини эълон қилди. Гуруҳ ўт очишни тўхтатиш режасини бажаришга киришиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда, дея қайд этган The Guardian. Нашрга кўра, гарчи резолюция Исроил томонидан қўллаб-қувватлангани қайд этилган бўлса-да, Исроил бош вазири аввалроқ бу борада танқидий чиқишлар қилган эди. Хусусан, у "ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳияти тўлиқ йўқ қилинмагунга қадар узоқ муддатли ўт очишни тўғрисидаги ҳар қандай қарор истиқболсиз", деб атаган эди.