Гендер тенглик масалалари университет ўқитувчи ва талабалари ўртасида муҳокама қилинди

Самарқанд давлат университетида гендер тенглик масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни университет ёшлар масалалари маънавий - маърифий ишлар бўйича проректори Зебинисо Раҳмонова очиб, гендер тенглик тўғрисидаги қонун ижтимоий-сиёсий соҳаларда аёлларнинг ролини ошириш учун замин яратганини алоҳида таъкидлади.

- Гендер тенглик фақат аёл-қизларни эмас, балки эркакларнинг ҳам тенглигидир, - деди фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова.- Оила муқаддас даргоҳ, уни қуриш осон, бахтли ҳаётни йўлга қўйиш машаққатлидир. Бола – ширин, унинг тарбияси ундан ҳам ширин. Абдулла Авлоний  “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, дея таъкидлаган. Мен шунга ҳам қурбонлик, ҳам ўлим деб, қўшимча қилган бўлардим. Чунки болани тўққиз ой сабр қилиб, уни дунёга келтириш бир машаққат бўлса, катта қилиб тарбиялаш улкан маъсулият. Оиладаги репродуктив ҳуқуқ, тарбия, конфликт муносабатларни олдини олиш муҳим восита. Ҳар бир хонадоннинг шахсий кутубхонаси ва китобхонлари бўлиши шарт.

 - Сўнгги йилларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида ҳам муҳим қадамлар қўйилди, - деди халқаро таълим дастурлари факультети талабаси Маржона Салимова. – Бу каби ҳолатлардан жабрланган хотин-қизларга тегишли давлат муассасаларининг бириктирилганлиги, маҳалладаги хотин-қизлар масалаларининг кучайтирилганлиги ва уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилиши эътиборли ҳолат.  

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ.