Геодезиячи ва картографларга лицензия бериш соддалашди

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги қарори билан “Геодезия ва картография фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом”га тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Киритилган  ўзгаришга кўра, хўжалик юритувчи субъектнинг штатида тегишли маълумотга эга бўлган ишчиларга доир лицензия талабларига тузатиш киритилди. Энди уларнинг лицензияда кўрсатилган фаолият турлари бўйича минимал иш стажи уч эмас, балки икки йил бўлиши лозим.

Иккинчидан, лицензия расмийлаштиришнинг якуний босқичи тезлашди. Давлат божини тўлаш ва лицензия шартномаси имзолагандан кейин лицензия талабгори лицензияни аввалгидек уч кун эмас балки бир кунда олади.

Учинчидан, агар лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги аниқланса, лицензиатларни режадан ташқари текширишлар Давергеодезкадастр қўмитасининг ваколатларидан чиқарилди. Лицензияловчи орган қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат режали текширишларни ўтказишга ҳақлидир.