Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Германияда марихуана қонунийлаштирилиши мумкин

Германия тез орада марихуанани гиёҳвандликка қарши чора сифатида қонунийлаштириши мумкин. 26 сентабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан ушбу моддадан фойдаланишни декриминаллаштириш ва ҳатто қонунийлаштириш ҳақидаги ваъдалар олти партиядан тўрттаси дастурида бор эди. Консерваторлар кетиши ва янги, янада либерал ҳукмрон коалиция тузилиши билан бу ваъдалар ҳақиқатга айланиши ҳеч гап эмас, дейди экспертлар.

"Ҳамма ҳаяжонда, чунки бу ҳақиқатан ҳам содир бўлиши мумкин", деди Германия каннабис ассоциацияси президенти Георг Вюрт Euronews телеканалига берган интервьюсида. "Германия нашани тўлиқ қонунийлаштирган дунёдаги учинчи давлатга айланиши мумкин".

Учта партия ўз сайловолди дастурларида нашадан фойдаланиш тўғрисидаги қонунни ислоҳ қилишга ваъда беришган эди. Яъни, гап гиёҳванд моддаларни сотиш ва истеъмол қилишни тартибга солиш, жиноий таъқибни тугатиш ҳақида бормоқда. Аммо ушбу ислоҳот амалга ошиши музокараларга боғлиқ.

Каннабис (марихуана олинадиган ўсимлик) Германияда энг машҳур ноқонуний гиёҳванд модда бўлиб, уни тўрт миллион немис мунтазам равишда истеъмол қилади. Маълумотларга кўра, 2019 йилда 15-24 ёшдаги ёшларнинг 19,5 фоизи камида бир марта марихуана истеъмол қилган. Европада бу кўрсаткич 27 фоиздан ортиқ.

2017 йилдан бери мамлакатда ҳатто суғурта билан қоплаган ҳолда нашадан тиббий фойдаланишга рухсат берилди. Гарчи гиёҳванд истеъмол қилиш ёки сақлаш ноқонуний ҳисобланса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари кўпинча олти граммдан камроқ гиёҳванд модда топса кўз юмади. Қонунни бузиш жарима ёки камдан-кам ҳолларда беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Германия Федерал Жиноий Полиция бошқармаси маълумотларига кўра, наша 2020 йилда қайд этилган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг 77 фоизини ташкил қилган. Аниқланган жиноятчиларнинг аксарияти сотувчи ёки ишлаб чиқарувчилар эмас, балки марихуана истеъмол қилувчилардир. Айнан мана шу статистик маълумотлар ва уларнинг талқини Германияда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.