Германияга олиб кетиш билан боғлиқ хабарга аниқлик киритилди
Охирги кунларда Германияга олиб кетиш ваъдаси билан Ўзбекистон фуқароларини алдаб пул олаётган фирибгар ҳақида ижтимоий тармоқларда турли маълумотлар эълон қилинмоқда.
Бу борада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юқорида зикр этилган шахсга лицензия берилмаган. Ўз навбатида, мазкур фуқаро (UMID_UZEURO телеграм саҳифаси) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.
Шу муносабат билан, фуқароларимизни хорижда яшаш ёки ишга жойлаштириш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар ёки шахсларга ишонмасликка, турли кўринишдаги шартномаларни тузмасликка чақирамиз.
Агар шундай вазиятларга дуч келсангиз, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефонлар: 71 202-33-55 ва 71 200-00-61, 1282.