Ғишт заводлар тупроқ ўғирлайди(ми?)
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари томонидан вилоятимиздаги ғишт заводларида мониторинг ўтказилмоқда.
Пайариқ тумани Бургут маҳалласида жойлашган “Аброр Умиджон” масъулияти чекланган жамияти ва Фидокор маҳалласидаги “Ингичка яшил даласи” масъулияти чекланган жамиятида туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси назорат инспекторлари томонидан мониторинг ишлари олиб борилди. Тадбирларда, аввало тадбиркорлар ва ишчиларга эко маданиятга амал қилиш қоидалари тарғиб қилиниб, тадбиркорлар билан келишув шартномалари имзоланди ва экологик тўловларни вақтида тўлаш тушунтирилди.
Хўш, нега бу каби мониторинглар ўтказилмоқда?
Чунки кейинги пайтларда ноқонуний ғишт завод ва цех ташкил этиб, қонунларни четлаб ўтаётган, суғориладиган ва фойдаланишга яроқли ерларни ковлаш, ернинг мелиоратив ҳолатининг бузулишига олиб келиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бундан ташқари, айрим “уддабурон” тадбиркорларнинг мўмай даромад топиш илинжида яқин атрофдаги фермер ҳўжаликлари билан тил бириктириб, суғориладиган майдоннинг ҳосилдор милеоратив қатламини олиб, ўз ҳудудидаги “жонсиз” ҳисобланган тупроқ қатламининг ўрнига тўшаб келаётган ҳолатлар ҳам кузатиляпти. Шу боис бошқарманинг махсус ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, жойларда юқорида келтирилган ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалий чоралар кўрилмоқда.
Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.