Гиёҳвандликка қарши кураш қониқарли эмас

Видеоселектор тарзда ўтган йиғилишда комиссия томонидан 2018 йилнинг ўн ойи давомида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, комиссиянинг аввалги йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижроси қониқарли эмас, – деди вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Қобилов. – Жорий йилда вилоятда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 314 та жиноятлар содир этилгани ҳам бу борада ишлар етарли даражада олиб борилмаётганидан далолатдир. Айрим шаҳар ва туманлар ҳудудий комиссияларининг 2018 йил учун иш режаси ҳам тасдиқланмаган. Иш режа бўлмаса, гиёҳвандликка қарши қандай курашиш мумкин? Бу камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

Таъкидланишича, комиссия томонидан амалга оширилган ишлар, гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан тарғибот ишларида ҳам сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Йиғилишда ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, декабрь ойини «Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги» деб эълон қилиш таклифи киритилди ва комиссия аъзолари томонидан маъқулланди.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.