Ғўбдинликлар депутатдан ўқувчиларнинг мактабга қатнаши учун автобус ажратилишида кўмак сўради

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида вилоятимизнинг бир қатор туманларида бўлди.

Булунғур туманидаги маҳаллаларда ўрганиш олиб борилганда "Ғўбдин" маҳалла фуыаролар йиғини ҳудудидаги ички кўчанинг 5 километр қисми таъмирталаблиги, симёғочлари маънан эскирганлиги, Лалмикор маҳалласида эса ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Жараёнда фуқаролар томонидан билдирилган бошқа масалалар ҳам мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича ўрганилиб, муаммоларга ечим изланди.

Хусусан, Ғўбдин маҳалласи аҳолиси томонидан мурожаатлар кўп бўлганлиги инобатга олиниб, маҳаллада халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссия аъзолари иштирокида сайёр қабул ўтказиш бўйича тавсия берилди. Тумандаги 31-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун транспорт ажратиш, 23-умумтаълим мактабини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.

Жомбой туманида ташкил этилган учрашувларда депутат жамоатчиликка соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президентнинг фармон ва қарорлари, янги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, маҳаллалар ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан яқиндан танишилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Депутат жойлардаги ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.