Гўёки борлиқни илоҳий фаррош, супуриб кетгандай қайғудан, ғамдан

Бугун Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмат Кўчиев таваллуд топган кун.

Таниқли ижодкор ва публицист И.Кўчиев 1955 йил 27 январда Тожикистоннинг Панжикент туманида туғилган.

У ўзбек ва рус тилларида баравар ижод қилади. Шу пайтга қадар ижодкорнинг «Жаннат райҳонлари», «Улуғлар чорбоғи», «Шараф Рашидов – победитель» (“Шароф Рашидов – ғолиб”), «Шараф Рашидов – созидатель» (“Шароф Рашидов – бунёдкор”), «Бабур. Сквозь века» (“Бобур. Асрлар оралаб”), “Болалик чорбоғи”, “Талабалик йилларим”, «Пять шагов в вечность» (“Абадиятнинг беш довони”), “Триумф Гейдара Алиева” (“Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси”), “Абадиятнинг беш довони” номли асарлари чоп этилган.

Қуйида 70 ёшини қаршилаётган ижодкорнинг шеърий намуналаридан баҳраманд бўласиз.

***

Юртга қайтиш
Хаёллар сураман, хаёлим дилбар,
Кўксимдан бир ўпиб ўтади шамол.
“Хайрли кеч”, – дейди майин шивирлаб,
Кўзларимга ботиб бораётган ҳилол.

Кўча чироқлари қуёшга менгзар,
Руҳим баҳор бўлиб куйлайди бу дам.
Тилло топиб олган қулдай хурсандман,
Гўёки бегона менга андуҳ, ғам.

Шодлигим тошмоқда телба дарёдай,
Кўнглимда юлдузлар қурар анжуман.
Бошим айланади ҳаёт атридан,
Гўё рўпарамда бир қучоқ чаман.

Кетарман, парвозим осмонга яқин,
Ҳамроҳ толе билан суҳбатлар қурдим.
Қанчалар бахтлиман, қанчалар шодмон,
Ям-яшил боғларинг кўрганда, юртим!

Тинглашни ўрган
Қисматдан нолима, у эрур заргар,
Ундандир неки бор айларсан сафар.
Денгизга айланмоқ орзу бўлса гар,
Аввал ўз қалбингни тинглашни ўрган.

Тўламоқчи бўлсанг ишқ хирожини,
Бошингга қўндириб Мажнун тожини.
Лабларингга босиб най оғочини,
Аввал ўз қалбингни тинглашни ўрган.

Гоҳо баланд кетдинг, гоҳо кетдинг паст,
Ўйладинг – осмонни кўтараман даст.
Оёқлар остида бўлиб хор-у хас,
Аввал ўз қалбингни тинглашни ўрган.

Ҳаёт нафасига ошиқлик бекор,
Пасткашлар қошида бўлмагин беор,
Токи бўлмас экан сенда ихтиёр,
Аввал ўз қалбингни тинглашни ўрган.

Исмат, тирикликдан виқор изладим,
Дўстларнинг ичидан, ағёр изладим,
Ўз-ўзимга куйиб яна бўзладим,
Аввал ўз қалбингни тинглашни ўрган.

Юртим
Ҳатто қирларидан тушиб қизғалдоқ,
Ҳар келган меҳмонга ёзар пояндоз.
Дарахтлар белига оқ белбоғ тақиб,
Меҳр-у муҳаббат-ла чиқади пешвоз.

Қушлар гурунг берар ўтган-кетгандан,
Ҳар битта анҳорин суҳбати жонон.
Денгиздай чайқалган буғдойзорлардан
Ҳамиша хабардор, эгилиб осмон.

Қирмизи олмалар атир пуркайди,
Ям-яшил боғларнинг эгни-бошига.
Бир ажиб роҳатни туясан жонда,
Бошинг қўйиб ётсанг тоғлар тошига.

Бу шундай ҳур Ватан, нурлар тошади,
Жилмайса қўнғиртус қароқларига.
Азбаройи қаттиқ севганлигингдан,
Айлангинг келади тупроқларига.

Настаринлар гуллаганда
Ишқ сочилар жумла-жаҳонга,
Гулдай инар умид ҳам жонга,
Бир куй оқар шафақ томондан,
Настаринлар гуллаган тонгда.

Боларилар хиргойиси шод,
Қушлар тузар янгича баёт,
Хушхабардай туйилар ҳаёт,
Настаринлар гуллаган тонгда.

Ёдга тушар ёшлик дамларим,
Ҳатто ғам ҳам бўлгандай надим,
“Дугоҳ”ними куйлар аллаким,
Настаринлар гуллаган тонгда.

Яшаргандай бу олам дилбар,
Товланади шудринглар – гавҳар,
О, бунчалар осмон мунаввар,
Настаринлар гуллаган тонгда.

Чўмилади борлиқ зиёга,
Исмат, не бор бундан зиёда,
Қайтиб келгандайман дунёга,
Настаринлар гуллаган тонгда.

Уйғотиб қўяйми?!
Орзуга чўмилган бир ойдин тонгда,
Уйғониб кетаман ғафлат уйқудан
Ва тошгум баҳорда дарёдай –
Жисм-у жоним аро тушган ёғдудан.

Уйғониш фараҳли, уйғониш гўзал,
Уфқ дил қонидай ёнганда ял-ял.
Қайта туғиласан, гўёки нурдан,
Осмон кўзларингга тўлгани маҳал.

Ёришиб кетади жон-у жаҳонинг,
Энг шаффоф орзудан, гўзал орзудан.
Гўёки борлиқни илоҳий фаррош,
Супуриб кетгандай ғамдан, қайғудан.

Уйғондим ва топдим кўнглимни яна,
Ўзимни ўзимда айлай деб бунёд.
Поклик нелигини англамоқ бўлсанг,
Сени ҳам уйғотиб қўяйми, ҳаёт?!