Грециядаги поезд тўқнашуви воқеасидан кейин мамлакат транспорт вазири ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди, вокзал бошлиғи ўз хатосини тан олди

Греция инфратузилма ва транспорт вазири Костас Караманлис чоршанба куни Лариса шаҳри яқинида камида 40 кишининг ҳаётига зомин бўлган йўловчи поезди ҳалокатидан сўнг истеъфога чиқди. Бу ҳақда Грециянинг ERT1 телеканали хабар берди.

Поездлар аварияси юзасидан ҳибсга олинган Лариса шаҳри вокзал бошлиғи ўз хатосини тан олди ва йўловчи поездини юк поезди билан бир йўл бўйлаб жўнатганини айтди, деб хабар берди Греция жамоат телевидениеси.

Караманлис кенг тарқалган баёнотида, "Темир йўл фожиаси жойидан ҳозиргина қайтдим, оғриқни сўзлаб бўлмайди" деди. Шу 3,5 йил давомида биз вазиятни яхшилаш учун барча саъй-ҳаракатларимизни қилдик. Афсуски, бундай фалокатнинг олдини олиш учун бу ҳаракатлар етарли бўлмади. Ва бу барчамиз учун ва шахсан мен учун жуда қайғули".

Чоршанба куни эрталаб Грециянинг Лариса шаҳри яқинидаги Эвангелизмос аҳоли пункти ҳудудида йўловчи ва юк поездининг тўқнашуви натижасида камида 40 киши ҳалок бўлди. Йўловчи поездида 350 га яқин одам бўлган. Касалхонага 66 киши ётқизилган, улардан 6 нафари реанимация бўлимида.