Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гуноҳ иш жазоланмаса, у жиноятга йўл очади

Ёшим 90 дан ошди. Икки тузумни, икки асрни кўрдим. Ҳарқалай, яхши-ёмонни фарқлаб, фарзандларим, оғайниларим олдида обрўйимга путур етказадиган иш қилмадим. Аммо надоматлар бўлсинки, бугунги кунда назорат идораларидаги айрим ходимлар иш тутумини, масъулиятсизлигини кўриб, тўғриси, ҳайрон қоляпман.

Менга шу йил 1 апрелда Самарқанд шаҳар ҳокими имзоси билан хат келди. Унда айтилишича, гўё мен 2021 йил 24 мартда (5855-ар/21) Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига оилавий масалада ёрдам сўраб мурожаат қилган эканман. Энг қизиғи, фамилиям Ҳошимов деб нотўғри ёзилган.

Биринчидан, мен виртуал қабулхонага мурожаат қилганим йўқ.

Иккинчидан, мен билан ҳеч ким бу масалада гаплашган эмас. У мурожаат нима ҳақда эканини ҳам билмайман. Телефон рақами ҳам меники эмас.

Учинчидан, хатни тайёрловчи ҳокимлик ходими Б.Омонов бу маълумотларни қаердан олган? Нега ҳоким имзоси билан ёлғон маълумот тайёрлаган?

Ҳайронман, ёлғон мурожаат қилган ҳам, ёлғон маълумот тайёрлаган ҳам маълум. Лекин ҳеч ким уларга чора кўриш ҳақида ўйламайди. Ваҳоланки, қонунларимизда бундай ҳолатларга жазолар аниқ белгиланган. Шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигига қилаётган мурожаатларим эса жавобсиз қоляпти.

Агар гуноҳ иш жазоланмаса, у жиноятга йўл очиши мумкин. Наҳотки буни ҳуқуқ-тартибот идоралари тушуниб етмайди.

Салом Ходжиев,

Самарқанд шаҳар, «Шарқ Тонги» маҳалласи.