Ҳалол меҳнат ҳам ибодат

Муборак рамазон ойи эшик қоқиб турибди. Шундай файзли кунлар арафасида Жомбой тумани ҳокими Қ.Собиров Ғазира маҳалласидаги Вали бобо зиёратгоҳида нуроний оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари ва фаоллар билан учрашди.

Ушбу қадамжо ўрта асрларда яшаб ўтган тасаввуф алломаси Шайх Худойдод Вали номи ва фаолияти билан боғлиқ. Ривоят қилишларича, Шайх илми ортидан топган барча даромадини эл-юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида сарф этган. Ундан мерос қолган адабий-илмий асарларда ҳам бунёдкорлик, халқпарварлик, меҳнатсеварлик улуғланади.

Учрашувда бундай улуғ аждодларимиздан ибрат олиш, уларнинг эзгу ғояларини бугунги кунда ҳам давом эттириш ҳақида сўз юритилди.

– Рамазон ойи халқимиз учун хайрли амаллар, эзгу ишлар мавсуми экани билан қадрли, – деди ҳоким. – Бир жиҳатни унутмаслигимиз керак. Ҳалол меҳнат ҳам ибодат саналади. Уйимизда, оиламиз билан биргаликда томорқамизни яшнатиб қўйсак, рўзғоримиз ҳам обод бўлади, савобга ҳам эга бўламиз. Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин, деган ҳикмат бежиз айтилмаган.

Меҳнат фахрийлари ҳақиқатан ҳам айрим ҳудудларда аҳоли мавсум юмушларини ўз ҳолига ташлаб қўйганини қайд этишди. Бу борада тарғибот ишларини кучайтириб, ўзлари ҳам шахсий намуна кўрсатишларини билдиришди.

Учрашув давомида қўй сўйилиб, маҳаллада истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.