"Ҳаммада ҳам бордир ташвиш, бордир ғами"

Ўткир Раҳмат 1948 йил 15 мартда Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган.

Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат юридик институтида таҳсил олган. Иш фаолиятини матбуот нашрларида бошлаган. Ҳозирда "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари бош муҳаррири.

1998 йилда “Шуҳрат” медалига ва 2005 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган.

Ўткир Раҳматнинг “Ирмоқ”, “Соғинч”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачуғи”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Хоксор майса”, “Дилчироқ” каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.
***
МEҲР
Тиқ этса у эшик томон мўлтирайди,
Кўзлари тўрт соғинибми йўл қарайди.
Кимлар келиб, кимлар кетар бу манзилдан,
Тополмади истаганин ҳеч бир дилдан.
Ҳаммада ҳам бордир ташвиш, бордир ғами,
Келганларга керак фақат унинг номи.
Бири сўрар ёғлироқ жой, бири емиш,
Бировига бепул қўйса тилло бир тиш.
Мансаб истаб бор шудини ваъда қилар,
Турланишиб буқаламун каби улар.
Ялтоқланиб юрганларга тўйнинг тўри,
Водариғ-э, шулармасми элнинг шўри.
Кўзлари тўрт эшик томон мўлтирайди,
Ким келар деб зада дили қалтирайди.
Эрта-ю кеч аллакимни кутар бедор,
Йўлларига соғинчлари, нигоҳи зор.
Хаёлида ҳали замон қучоқ очиб,
Оқибату меҳр келар нурлар сочиб.
Йиғлай-йиғлай исларига тўймоқчи у,
Она кўксин топгандай бош қўймоқчи у!

КЎНГИЛ
(Устозга)
Даргоҳингнинг эшикларидан
Кеча-кундуз узилмас қадам.
Шодлик ўтса қайси биридан,
Кириб келар қай биридан ғам.
Қарашларинг ҳаммага тенгдир,
Ҳаммасини бирдай суясан.
Осмондайин феълинг ҳам кенгдир,
Жилмаясан, кулиб қўясан.
Бу дунёнинг тилсими беҳад,
Кўз бойлағич каби ўйини.
Тутмиш ҳамма фариштадай қаъд,
Чалар инсоф, имон куйини.
Қувлик — тулки чап берар кўзга,
Ишонч ҳуркиб туради ҳайрон.
Сеҳрланиб сеҳрли сўзга
Дилда борин очишинг аён!
Жилмаясан, сенга барибир,
Мақтов яна малҳамдек ёқар.
Билмайсан ким гул-чечак ахир,
Илон бўлиб ким зимдан боқар.
Сочилади қалбнинг сирлари,
Эшикларин бир-бир очарлар.
Гуллар экиб қайси бирлари,
Қай бирлари оғу сочарлар.
Умр ўтар оққандай дарё,
Севинч-ғамни кўтариб бошга.
Ҳамон бефарқ яшайсан, аммо
Шўр пешонанг тегса ҳам тошга!
Қалбинг торин тинглаб унини,
Шўх жилмайдинг шунда ҳам майин.
Заҳар сочган кўрар кунини,
Гул-чечаклар экканга қийин!