Ҳақиқатни айтиш кучлиликдан далолатдир
Ўз фикрини очиқ айтиш, ўзлигини намоён этиш шароитларисиз шахс ўзининг жамият олдидаги вазифаларини адо эта олмайди. Шунингдек, журналистиканинг "тўртинчи ҳокимият" мақомига эришувида сўз эркинлигининг аҳамияти катта.
Бунинг учун оммавий ахборот воситалари ўзларининг самарадорлигини ошириши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишлари лозим. Бугунги кунда пировард мақсадимиз ҳар томонлама тараққий этган фуқаролик жамияти қуриш экан, бу йўлда тўғаноқ бўлиб турган тўсиқлар, чеклашлар, ён беришга мажбур этувчи кучларни босқичма-босқич тугатиб боришимиз лозим.
Бугунги кунда радио, телевидение кучли ахборот воситаси бўлиб турибди. Интернет журналистикаси яшин тезлигида ривожланяпти. Илк газета 1609 йил, қарийб беш аср муқаддам пайдо бўлган эса-да, ўз мавқеини йўқотгани йўқ. Инглиз киборлари ёки жаҳоннинг йирик корпорация раҳбарлари ҳали-ҳануз кунни маҳаллий газетанинг янги сони билан танишишдан бошлашади.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ҳаракатлар стратегиясини оммага тақдим этиши, халқ билан мулоқотлари жараёнида маънавият ва маърифатни кенг тарғиб қилиши асносида китоб, газета мутолааси урф бўлди. Хайриятки, китоб ва газета дўконлари яна гавжум. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан ҳафтада бир маротаба ўн минглаб нусхада чоп этилаётган айрим хусусий нашрлар гарчи "сариқ матбуот" дея таърифланиб, шакл-савияси кимгадир ёқмаса-да, ўтиш даврида жамиятнинг ўқишга нисбатан қизиқишини ушлаб турди.
Сиёсий-ижтимоий нашрлар, хусусан, "Зарафшон" газетасида ижобий ўзгаришларни кўрамиз. Газетани ўқиркансиз, аввало, "ҳамиша бир қадам олдинда" тамойили сезилади. "Кузда дарахтнинг барги устидан тўкилса, қиш қаттиқ келади", деган каби газетада қандай мавзу кўтарилса, унинг долзарблиги оз муддат ўтгач, сезилиб қолади. Шу сабабли саҳифада танқидий мақоланинг пайдо бўлиши амалдорнинг "шўрини қуритиш"дан кўра бунёдкорликка даъват этгандек туюлади. Ўтган йили ёз фаслида чоп этилган "Истироҳатсиз истироҳат боғи" танқидий мақоласида Каттақўрғон истироҳат боғи фаолияти ёритилган эди. Гарчи вилоят мутасадди ташкилотлари бундан тўғри хулоса чиқаришга, аҳволни яхшилашга ҳаракат қилмаган бўлса-да, вилоят ҳокимлиги масалага эътибор қаратди. Натижада боғнинг қиёфаси тамоман ўзгарди.
Бошқача айтганда, "Зарафшон"даги материалларда долзарблик, ўткир ва қалтис вазиятларда нозик дид, замонга ҳамнафаслик ва анъанавий руҳ сезилиб туради. Бу балки жамоанинг кучи ёки йиллар давомида яратилган ижодий муҳитнинг натижасидир. Ҳар бир материал сўнгида кўтарилган муаммо ечими бўйича таклиф, мушоҳада ҳам тақдим этилади. Республиканинг баъзи бир нашрларидагидек, айрим салбий ҳолатларни хаспўшлаш, муаммоларни кўтаришда чайналишлар кўринмайди. Ўқиб, бу танқидни мақола "қаҳрамон"и қандай ҳазм қиларкан, деб ўйлаб қоламан.
Журналистнинг таҳлилий чиқишлари бўлса, таклифлари инобатга олиниши, танқидий бўлса, камчиликлар муҳокама қилиниши ва тузатилиши шарт. Чунки журналист давлат ва жамият ўртасида "ҳақиқат" номли кўприк вазифасини бажармоғи керак.