Ҳар бир туманда 2 тадан 5 тагача касб-ҳунар мактаблари фаолият юритади
Самарқанд вилоятида 37 касб-ҳунар мактаби, вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфидаги 5 коллеж, олий таълим муассасалари ҳузуридаги 22 техникум 2020-2021 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди.
Бу ҳақда бугун вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган онлайн брифингда вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Розиқ Файзиев маълум қилди.
Вилоятдаги касб-ҳунар мактабларида халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган таълим дастурлари асосида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгаллаган 50 дан ортиқ ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрланади.
Таълим олаётган ўқувчилар давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия (223 минг сўм) ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади.
2020-2021 ўқув йилидан ҳар бир туманда аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда 2 тадан 5 тагача, жумладан, Булунғур, Жомбой, Иштихон, Нарпай, Нуробод, Пахтачи, Самарқанд, Тойлоқ, Қўшработ туманларида 2 тадан, Каттақўрғон, Пайариқ туманларида 3 тадан, Паст Дарғом туманида 4 та, Ургут туманида 5 та касб-ҳунар мактаблари фаолиятини бошлайди.
Ҳозирги кунда 2020-2022 ўқув йиллари учун 37 та касб-ҳунар мактабларига 634 та корхона ва ташкилотларга зарур бўлган 11442 та иш ўринларига буюртмалар асосида 51 та касблар бўйича 7380 та қабул режаси шакллантирилди.
Касб-ҳунар мактабларига қабул жараёни давом этмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг 20 июлидан коллежлар ҳамда техникумларга ўқишга қабул қилиш бошланади.