Ҳар қандай бизнес таълимдан бошланади
Пулдан кўра муҳимроқ нима бор бизнес юритишда? Бизнеснинг илк пойдевори нима? Тадбиркорлик энг чекка ҳудудларга етиб бориши учун нима қилиш керак?
"Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармонлар ассоциацияси ҳамда Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди (German Sparkassenstiftung for International Cooperation) билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида ўтган семинарда шу масалалар муҳокама этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ассоциациянинг ҳудудий раҳбарлари, тренерлар иштирок этди.
- “Масъулиятли молия ва қишлоқнинг барқарор ривожланиши” таълим лойиҳаси Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди (German Sparkassenstiftung for International Cooperation) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, - дейди "Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова. - Ҳамкорлик доирасида ўтган йили Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 400 га яқин хотин-қизлар ўқув машғулотларида иштирок этди, хорижий экспертлар ёрдамида 10 нафардан ортиқ малакали мураббийлар тайёрланди.
2023 йилда ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланди. Германиялик ҳамкорларимиз томонидан “Иқтисодий, молиявий ва бизнес саводхонликни ошириш учун таълим фонди” ташкил қилинди. Янги жамғарма кўмагида "Масъулиятли молия ва қишлоқларни барқарор ривожланиши" қўшма лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг 12 вилоятида амалга оширилади. Лойиҳада қишлоқ хўжалигида янги иш бошлаётган ва ўз ишини янада ривожлантириш истагидаги хотин-қизлар иштирок этади.
Режа бўйича мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида 70 дан ортиқ тренинглар ўтказилади. Натижада қишлоқнинг 1400 дан зиёд аёллари ишбилармонлик кўникмаларига ўргатилади.
- Тўғри, бизнесда пул, сармоя муҳим аҳамиятга эга, аммо таълим, бизнес юритишнинг янги қирраларини ўрганиб бориш пулдан ҳам муҳимроқ, - дейди German Sparkassenstiftung for International Cooperationнинг узоқ муддатли эксперти ва ҳудудий вакили Матиас Ванглер. - Биз Ўзбекистонда мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнида энг чекка қишлоқларга етиб боришини мақсад қилганмиз. Марказларда бизнес ривожланган, аммо қишлоқ ҳудудларида ҳам ўша жойнинг ўзига хос бўлган тадбиркорликни ривожлантириш лозим. Ўзим бир нечта олис ҳудудларда бўлиб, аёлларнинг бизнес лойиҳаларни амалга оширишига кучли қизиқиш билдираётганига гувоҳ бўлдим. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, ҳар қандай бизнес таълимдан ва пул жамғаришдан бошланади.
Анжуманда "Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясининг вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева ҳам ўтган вақт мобайнида Самарқандда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Гулруҳ Мўминова,
Ҳусан Элтоев (фото).