Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбий хизматчилар Жомга борди

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан Нуробод туманининг Жом қишлоғида “Инсон қадри улуғ, хотираси муқаддас” шиори остида тадбир ўтказилди.

Ҳарбийлар ҳамда ўқувчи ёшларнинг жанговар мусиқа садолари остида тантанали юришлари билан бошланган тадбирда туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, фахрийлар ва ҳарбий қисм қўмондонлиги вакиллари сўз олди.

Улар Иккинчи жаҳон урушида боболаримиз кўрсатган жасорат ва халқимиз фидойилигини эсга олишди ҳамда барчани яқинлашиб келаётган шонли ғалабанинг 76 йиллиги билан муборакбод этди.

Тадбирда Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда маҳаллий санъаткорлар томонидан куй ва қўшиқлари ижро этилди. Ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши манзараларини акс эттирувчи бир қатор саҳна кўринишлари намойиш қилишди. Фахрий қоровул взводининг кўргазмали ва юрт ҳимоячиларининг қўл жанги чиқишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Шунингдек, аҳоли ва ёшларга миллий армиямизда мавжуд қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.