Ҳарбийлик - улуғ касб

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ўзимнинг аскарлик даврим эсимга тушади ва негадир, ўша пайт билан ҳозиргисини таққослайман.

У вақтлар балоғат ёшига етган йигит борки, ҳарбий хизматга борарди. Агар мингдан бири соғлиғи панд бериб,  бундай хизматга  нолойиқ деб топилмаса, аксарияти ҳарбий қурилиш қисмларида йигитлик бурчини адо этарди.

Олий таълимдан кейин ҳарбий хизматга чақирилганим учун йигитлик мажбуриятимни ҳаво мудофааси қисмида бажаришга тўғри келган. Оренбургда олти ой ўқитиб, Белоруссия ҳарбий округига жўнатишган. Вақти-вақти билан чалинадиган «тревога» садосини эшитиб, ўрмон ичида усти ёпилган танкка югурардик. Унинг ичида ўрнатилган мониторга тикилиб, осмонда пайдо бўлган объект – нуқта каби оқ доғ  ҳаракатини соатлаб кузатардик. Ўшанда экранда кузатилган самолёт – оқ доғ йўқолиб қолса, бўлим бошлиғимиз бўлган украин майори ракетани бошқарадиган аппаратларни таъмирлашга киришиб кетар, шунда мен унга ҳазиллашиб, душман самолёти ўтиб кетди, ўртоқ командир, деб қўярдим. Гапимга фаришталар омин деган эканми, дарҳақиқат маълум вақт ўтиб, белгияликми, данияликми, бир ҳаваскор учувчи спорт самолётида чегарадан ўтиб,  Москванинг қизил майдонига қўнгани ҳақидаги хабарни эшитгандик.

Ўзбекистон ўзини суверен давлат деб эълон қилганининг олтинчи куни, яъни 1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисида фармон қабул қилинди. 1992 йил 14 январь куни эса Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Бундай тарихий қарор қабул қилинган куннинг юксак аҳамияти эътиборга олиниб, 1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда «Ватан ҳимоячилари куни» деб эълон қилинди.

Бугунги кунда миллий армия сафида хизмат қилиш ёшлар учун ҳақиқий мардлик ва жасурлик ишига айланган. Армия улар учун чинакам тобланиш мактаби бўлмоқда. Ёшлар орасида ҳарбийда хизматни ўташга бўлган  ҳавас ва иштиёқнинг тобора ортиб бораётгани сабаби ҳам шундан аслида.

Лекин муддатли ҳарбий хизматга ҳамма ёш йигитлар ҳам олинавермайди. Жисмоний тайёргарлик кўрган ва  интеллектуал салоҳиятга эга бўлишдан ташқари, тиббий кўрикдан ўтган ва ўрта таълим мактаби доирасидаги билими талаб даражасида бўлган навқирон йигитларга муддатли ҳарбий хизматни ўташлари учун йўлланма берилади.

Давлатимиз томонидан  муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга олий ўқув даргоҳларига кириш учун имтиёзлар берилгани   йигитларнинг руҳиятини кўтарибгина қолмай, уларнинг  келгусида  мустақил ҳаётда муносиб ўринларини топишларига ҳам мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Ҳа, шўро давридаги аскарликни ҳозиргиси билан таққослаб бўлмайди. Муҳими шундаки, фарзанди армияга кетаётган оналарнинг кўзида ёш, юрагида хавотир йўқ. Аксинча, менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлди, деган фахр туйғуси билан жигарбандларини ҳарбий хизматга кузатмоқдалар.

Дунёда касблар кўп, ҳарбийлик улар орасида энг улуғидир. Ватан ҳимоячиси ҳисобланган ҳарбийларимиз нафақат ўзини, оиласини, балки  халқини, мамлакатини ҳимоя қилади. Бу — катта бахт, улкан шараф.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.