Ҳарбийнинг рафиқасига осонми?

Ҳарбийнинг рафиқаси ҳақида гап кетар экан, унга аксар ҳолатда бахтли сифатини қўшишни истаймиз. Ҳарбий оилаларга ҳавас-ла боқувчилар ҳам бисёр. Аммо бу оилаларда биз билмаган, тўғрироғи, эътибор қаратмаган муаммолар ҳам кўп. Яқинда турмушидан ажрашган бўлишига қарамай, рафиқасини, умуман, ҳарбийларнинг аёлини қаҳрамон деб атаган нафақадаги ҳарбий кишининг фикрлари мени ўйлантириб қўйди. Марказий ҳарбий округнинг хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича мутахассиси Шаҳноза ФАЙЗУЛЛАЕВА билан суҳбатлашар эканман, бу оилалардаги мураккабликлар нималардан иборат экан, деган саволларга жавоб топгим келди.

– Ўзим ҳам ҳарбийнинг оиласиман, айни пайтда турмуш ўртоғим нафақада, – дейди Шаҳноза опа. – Мураккабликлар биринчи навбатда кўча-кўчларда, ижарама-ижара юришда, деб ўйлайман. Одатда қизлар турмушга чиқаётганда оз бўлса-да, келгусида қандай шароитда яшаши мумкинлигини тасаввур қила олади. Ҳарбийга турмушга чиққан қизлар эса кутилмаган вазиятга тайёр бўлиши керак.

– Сиз ҳам бундай кутилмаган ша­роитларга кўп марта тушган бўлсангиз  керак?

– Албатта. Турмуш ўртоғим иккимиз Қашқадарё вилоятиданмиз. Ўтган йиллар давомида бир нечта вилоятларда яшашимизга тўғри келди. Бундан ўн беш йиллар аввал Ургут туманининг чекка бир қишлоғида яшагандик. Сувни ҳам ташиб келардим. Турмуш ўртоғим баъзида ойлаб уйга келмаган пайтлари бўларди. Уч нафар ёш бола билан қариндошлардан олисда яшаш, болалар бири қўйиб, бири касал бўлиб қолади, қишнинг чилласида ўтин етмай қолади. Бундай пайтларда яхши қўшнилар жонингга оро киради. Мана шундай синовли кунларда ёрдам берган қўшниларимиз билан айни пайтда улар бошқа вилоятларда бўлишига қарамай, борди-келди қилиб турамиз, улар қариндошимиздай бўлиб кетган.

– Демак, ҳарбийларнинг рафиқалари ҳам улардай синовдан ўтар экан-да?

– Ҳа, ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари ҳам ватанпарвар, фидойи бўлиши талаб этилади. Уйим-жойим дейдиган, синовларда қоқилмайдиган, оқила аёлгина тинчлигимиз посбонлари бўлмиш ҳарбийларнинг ҳаётига мазмун бахш этади.

Афсуски, бугун баъзи қизлар ҳарбийга турмушга чиқиш деганда моддий таъминланганлик, турли имтиёзларга эга бўлишни тушунади. Улар турмуш давомида синовларга сабр қилишни истамайди.

– Ҳарбийларнинг оилалари билан бевосита ишлайдиган мутахассис сифатида ушбу оилалардаги келишмовчиликлар кўпроқ нималардан келиб чиқади, деб айта оласиз?

– Юқорида таъкидлаганимдай, илк синов янги жой, янги шароит билан боғлиқ. Янги жойга мослаша олмай, қийналган келинлар бор. Шунингдек, баъзиларида бошқа оилалар сингари келишмовчиликлар туфайли жанжаллар келиб чиқади. Ҳарбийларимиз орасида ота-онасига ёрдам бериш учун маошидан уларга доимий равишда жўнатиб турадиганлари бор. Бу ҳам баъзи рафиқаларга ёқмай, ўртада низолар келиб чиқади. Тўғри, бундай жанжаллар кўп эмас, борларини ҳам яраштиришга ҳаракат қиламиз. Марказий ҳарбий округ қисмларидаги оилалар ичида бундай келишмовчиликлар бир фоизни ташкил қилиши мумкин.

– Оилалардаги муҳитни яхшилаш борасида қандай ишлар олиб борилади?

– Бу мақсадда ҳафтанинг бир кунида маънавият соатлари ўтилади. Айниқса, ўтган йилдан бошлаб ҳарбий қисмларда психолог ва социолог штатининг жорий этилиши айни муддао бўлди. Психологлар томонидан ҳарбийлар ва уларнинг оилалари ўртасида психологик тренинглар ўтказиляпти. Қолаверса, хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлимлари ҳамкорлигида доимий равишда турли маънавий тадбирлар, намунали оила танловлари ўтказиб келинмоқда.

– Ҳарбий хотин-қизлар бу соҳада ишлашининг ўзи ҳам катта бир синов. Улар учун қандай имтиёзлар бор?

– Улар ҳам Меҳнат кодексидаги барча имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Аммо орада бир неча йил уларга туғруқ таътили жуда кам муддатга бериларди. 2018 йилдан бошлаб улар ҳам икки йил туғруқ таътилига чиқиш имконига эга бўлишди. Қолаверса, бепул даволаниш, ер солиғи тўловидан озод бўлиш каби имтиёзлар уларга ҳам тегишли.

 Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.