Ҳашарда "маҳалла еттилиги” фаол иштирок этди
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашаринин биринчи кунида вилоятимиздаги 1126 та маҳалла раиси ва ходимлари ҳам фаол иштирок этди.
Бу йилги ҳашарнинг ўзига хос жиҳати, унда ҳар бир маҳалла фаолига алоҳида вазифалар юкланганлиги бўлди. Жумладан, маҳалла раиси ҳашар тадбирини уюшқоқлик билан ўтказишга умумий раҳбарлик қилиши, ҳашарга кенг жамоатчиликни жалб қилиши, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига бош-қош бўлиб, маҳалланинг барча манзилида ҳашар ўтишини таъминлаши белгиланди. Ҳоким ёрдамчиси эса маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар ва қариялар ҳолидан хабар олиб, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари билан таъминлаши керак.
Ёшлар етакчиси ёшларни жалб этган ҳолда қабристонларда ҳашар ташкил этади. Бу ёшлар учун тарбиявий аҳамиятга эгалиги ҳисобга олинди. Худди шундай хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқ инспектори, ижтимоий ходимлар ҳам ўз йўналиши бўйича ҳашар тадбирини ташкил этади.
Айтиш жоизки, бугун — ҳашарнинг биринчи кунида вилоятимизда 316 гектар майдон ободонлаштирилиб, 53 тонна чиқинди олиб чиқилди. Ёшлар иштирокида 76 та қабристон, 95 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди. Жойларда 73 366 туп мевали, 9700 тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 756 та эҳтиёжманд оила, 62 нафар ногиронлиги бор фуқаро ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам берилди.
Юсуф Салимов,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бош мутахассиси.