Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳаёт манзаралари: 1. Энг мазали нон

- Бобо, қорним очди, - деди набира пешона терини енги билан артиб. – Тушлик вақти ўтиб боряпти…

- Озгина қолди, болам, бира-тўла тугатиб қўяқолайлик, - деди картошка қоплаётган бобо. – Баракалла, катта ёрдам қилдинг. Жудаям очқаган бўлсанг, чайлада тўрвада қотган нон бор, ивитиб еб ол!

Ишлаб иштаҳаси очилган набира яримта қотган нонни сувга ивитиб еб олди. Сал нафси қонгач, бобосининг ёнига қайтиб, унга кўмаклашишга киришди.

- Нон еб олдингми?

- Ҳа, - деди набира, - қотган бўлса ҳам жуда мазали экан.

- Ана шунақа ўғлим, меҳнатнинг нони ширин бўлади, - деди бобо соқолини силаб.

  1. Йўлда

Ғани маст уйқуда эди. Деразани қаттиқ чертилганидан уйғониб кетди:

- Ким у?

- Мен, Собирман, тоға!

- Нима гап, тинчликми?

- Илтимос, машинангизни юргизинг, келинингизни тўлғоқ тутиб қолди.

- Ҳозир, мана чиқяпман.

…Айланай, бироз чиданг, ё насиб, ҳаммаси яхши бўлади, - Шафоат момо инқиллаётган келинини қўлтиғидан суяб, орқа ўриндиққа ўтқазди. Ўзи Собир ва Ғанининг ёнига ўтириб йўлга тушишди. Энг яқин туғруқхона туман марказида, «йигирма беш километр нарида», «Ишқилиб эсон-омон етказай-да» - Ғани газни босди. Машина "юз"да елиб бораётган бўлса-да унга имиллаётгандай туюлди. Бир пайт келин чинқириб юборди:

- Ойи!..

- Машинангни четга чиқиб тўхтат. Ғани билан Собир машинадан тушиб, эсанкирагандай туриб қолишди. Тун қаърини бузиб чақалоқнинг ингаси янгради.

- Собир, буёққа кел, - Шафоат момо машина эшинини очиб ўғлини чақирди. – Хайрият, эсон-омон қутулиб олди. Ушла Йўлчибойингни, мен келинга қарай.

Тоғаймурод Шомуродов.