Ҳаёт вақтлардан таркиб топган, унинг қадрига етинг

Талаба ва магистрлар билан “Бир сутка - 24 соатда нима билан банд бўласизлар?” деган қисқагина сўровнома ўтказдик. Чунки кўплари топшириқларни бажармайди, сўрасангиз вақтим йўқ, деган важни айтишади.

Сўровноманинг натижаси шуни кўрсатдики, улар бир суткада 2 соатдан 4 соатгача вақтини бесамар ўтказар экан. Бу вақт интернетда турли ўйинларни ўйнашга, мазмунсиз ва мақсадсиз суҳбатларга, кўча ва дўконларда ортиқча вақт сарфлашга кетар экан. Хуллас, ўқишга 1 соатдан 1,5-2,0 саатгача вақт ажратишини айтишган.

Уларга қуйидагиларни айтишни лозим, деб топдик:

“Ҳурматли талаба ва магистрлар, бундай имконият қайтиб келмайди. Вақтингизни бекорга ўтказманг, ҳаётингиз вақтлардан таркиб топган. Бугунги куним жуда тез ёки секин ўтди ҳам деманг, бу ўтган дамларингиз кун эмас, ҳаётингизнинг бир парчасидир. Сиз бугунни, бугунги кунингизни, ёнингиздагиларни, қўлингиздагиларни қадрланг. Эртага булар бўлмаслиги мумкин. Ҳали вақт келади деб кутманг, вақт ва имконият фақат ўтиб кетади, холос. Ҳар куни китоб ўқишга 3-4 соат ажратинг. Бу келажакка экилган мева бўлади. Ҳосили кейинроқ етилади, уни албатта маълум вақтдан кейин йиғиб оласиз.

Ҳаёт бу шундай мураккаб масалаки, уни ҳали ҳеч ким охиригача ечган эмас. Ҳаётни янгидан бошлайман деб ўйламанг. Сизники аллақачон бошланган. Агар нотўғри йўлдан кетаётган бўлсангиз, йўлингизни тўғрилаб олинг, уни ўзгартиринг. Йўлингизнинг тўғри ёки нотўғрилигига ўзингиз ташхис қўя олмасангиз устозлардан, тажрибали инсонлардан маслаҳат олинг.

Кунингиз қандай бошланишидан қатъи назар шукур қилинг, бу сизнинг ҳаётингиз. Зинҳор вақтим кўп деб ўйламанг, уни қадрланг. Ўтган вақт қайтмайди. У Сизнинг тарихингиз, ҳаёт ҳаммага бир марта берилганлиги учун орқага қайтмайди. Аслида ҳаёт бу лаҳзалардан иборат. Бирорта лаҳзангизни бекорга ўтказманг, ҳаётингизни завол қилманг. Чунки, ҳаёт такрорланмайди.

Сизнинг ҳар бир тонгингиз яшаш учун имконият. Шу кунни мазмунли ва самарали ўтказсангиз, ўз ўтмишингизда, миллат тарихида катта воқеа сифатида абадий муҳрланиб қолиши мумкин. Демак, ҳар бир кунни қадрлашни билайлик. Агар ҳаётингизда бирорта ноўрин лаҳза бўлса, бу вақтинча деб ўйламанг, у ҳам ҳаётингизнинг бир парчаси. Барча берилган неъматлари учун Яратганга ҳамд айтинг, шукур қилинг! Бугунги кунингизни кечаги ғам билан, эртанги ташвиш билан банд қилманг. Келажак пойдеворини бугун яратаётганлигингизни унутманг!

Мамаюнус Пардаев,

иқтисод фанлари доктори, профессор.