Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари
6-қисм
Бир ҳафтадан сўнг Республика бўйлаб уч ойлик сафарга йўл олдим. Беморларнинг тиригини битталаб, вафот этганларнинг эса ака-ука, опа-синглисидан тортиб, бола-чақасигача, ҳаммасини тиббий кўрикдан ўтказдим. Беморларнинг кўпчилиги яхши кутиб олди. Айримлари аксинча, олдига солиб, ҳайдади. Вақт келиб, уларнинг ҳаммаси билан ошна-оғайни бўлиб кетдик.
Уч ойлик сафар менга жуда катта ҳам амалий, ҳам назарий тажриба бўлди. Китобда, ҳисоботларда ёзилган маълумотлар бошқа экан. Ўз кўзинг билан кўриб, ўз қулоғинг билан эшитганим жуда кўп сир-асрорларни очиб ташлади. Моховга чалинган беморларни тутқинликда сақлаш, уларни даволаш, даволашнинг самараси борми-йўқми, буларнинг ҳаммасини бутун вужудим билан тушуна бошладим. Айниқса, қашқадарёлик бемор Абдулла ака куйиб-ёниб ичида ўйлаб юрганларини ҳаммасини айтиб берди.
– Болам, - деб гап бошлади. - Беморлардан ҳеч қанақа розилик сўралмаган, мохов бўлдингми, тамом, сен бир умр моховхонада ётасан. Мабодо аёл киши ҳомиладор бўлиб, моховхонага тушса, фарзанди дунё юзини кўриши билан гўдак онадан ажратиб олинган ва махсус болалар уйида тарбияланган. Мактаб ёшидаги болалар эса моховдан туғилган фарзанд сифатида алоҳида мактаб интернатларда яшаб, ҳам ўқишган. Кўз олдингизга келтиринг, дунёда бирон бир бошқа касалликка чалинган беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари билан шунақа муносабатда бўлишганми? Албатта йўқ.
Ўйланиб қолдим, нимага беморлар билан шунчалик шафқатсизлик билан иш тутишган. Абдулла аканинг мохов бўлганига ўттиз йилдан ошган экан. Шунинг йигирма йилини моховхонада ўтказган. Унинг икки кўзининг пастки қовоқлари осилиб қолган. Кўзларига тик қарашга сесканади киши. Юзи қийшайиб, оғзининг пастки лаби ҳам осилиб ётарди. Гап сўзларига тушуниш қийин эди. Олдимда икки қўл ва оёқларининг бармоқлари қийшайиб, калта бўлиб қолган паст бўйли ногирон одам турарди.
- Ўтган асрнинг 30-40 йиллари ҳеч кимни аяб ўтирмаган, - деб гапини давом эттирди Абдулла ака. - Ташхис қўйилдими, тамом, қолган умринг моховхонада ўтади. Ўлсанг, моховлар учун белгиланган қабристонга кўмиласан.
Турмушга чиқиш ёки уйланиш маросимлари ҳар икки томоннинг келишуви асосида амалга оширилган. Баъзан беморларнинг айримлари эскичасига никоҳ йўли билан ҳам турмуш қуришган. Кўпчилиги ногиронлиги туфайли сўққабош ўтган. Тескариси қўшхотинлик ҳам учраб турган. Узоқ-узоқ юртлардан олиб келинган беморлар ўз дини, миллати ва эътиқоди асосида оила қурганлар.
Моховхонада беморлар узоқ вақт яшаганлиги учун айримлари жиноий ишларга ҳам қўл урган. Ўғирлик қилиш ҳолати кўп учраган. Беморларнниг айримлари касалхонадан доимо қочиб кетиб турган. Баъзилари умуман таг-туги билан йўқ бўлиб кетишган. Ўз жонига қасд қилиш, айниқса, томирларини кесиш ёки ўзини осиш йилига 1-2 та учраб турарди. 3-5 фоиз беморлар орасида руҳий хасталиклар, яъни жиннилар ҳам бор эди. Жиноий жавобгарликка тортилган беморлар Россиянинг Астрахан шаҳридаги махсус турмахонага жўнатилган.
-Эээ, болам, биз чеккан азобларни ҳеч кимнинг бошига тушмасин, - дея суҳбатини давом эттирди бемор. - Мен бу ишхонада қоровул бўлиб ишлайман. Эски трактор, темир-терсакдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Хўжайиннинг озроқ қариндошлик жойи бор, бўлмаса мени ким ишга оларди. Буқа боқаман, уйга кам бораман куним деярли шу жойда ўтади. Сен болам “тоғдан тушган” одамлар билан учраш. Юқорироқда Исоқ деган мўйсафид фельдшер бор. Ана шу дўхтир бу атрофдаги барча беморларни кўзидан танийди. Ҳамманинг манзили ва фамилиясини ёддан билади. Бир соатлар чамаси Абдулла ака билан суҳбатлашдик, сумкамдан олиб унга майда-чуйда совға ва бироз ишлатиб турасиз, деб пул ҳам бердим. Боши осмонга етди.
Исоқ фельдшерда ҳақиқатан ҳам гап кўп экан. У киши аввал “тоғдан тушган” одамлар кимлигини тушунтириб берди. Қаранг, инқилобдан кейинги йиллари Тожикистон ва Ургутнинг тоғли ҳудудидан кўплаб аҳоли қулоқ қилиб Қашқадарёнинг Китоб тумани ва Шаҳрисабз шаҳрига кўчирилган экан. Беморларнинг асосий қисми шулар орасидан қайд қилинган. Эртаси куни Исоқ фельдшер билан тирик моховларнинг ҳаммасини кўздан кечирдик. Агар фельдшер бўлмаганда уларнинг биронтасининг ҳам уй-жойини топа олмас эдим. Айримларининг исм-фамилиясини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам йўқ эди. Баъзилари қочиб чиққан, баъзилари эса Ўзбекистондан ташқаридаги бошқа лепрозориялардан келиб қолишган экан. Исоқ фельдшернинг тушунтиришича, битта оила вакилларидан 1-2 та, баъзан 3-4 таси моховга чалинишган. Бу ҳолат 20-30 айрим пайтлари 50-60 йил давомида кузатилган.
Бу маълумотлар асосида келажакда илмий иш қилиш мумкинлигини ҳисобга олиб қўйдим. Исоқ фельдшер қолган вилоятларда ҳам ким билан учрашиб маслаҳат олишни уқтирди.
Қизиқ, Сурхондарёда ҳам беморлар асосан тоғли қисмидан, яъни Денов ва Сариосиё туманлари ҳудудларидан аниқланган экан. Термиз шаҳри, Термиз тумани, Ангор, Жарқўрғон ва Музрабод каби жанубий чўл ҳудудларидан деярли беморлар қайд қилинмаган. Энг муҳими, беморларнинг асосий қисми тоғлик бўлиб, тожик миллати вакиллари эди. Деновлик 80 ёшдан ошган бемор уйида ногиронлиги туфайли ётиб қолибди. Касалликнинг асорати оқибатида танглайи тешилиб оғзи билан бурун бўшлиғи бирлашиб кетибди. Моховнинг икки фарзанди – бир ўғил, бир қизи бор экан. Отаси туфайли улар оила қура олмабдилар. Иккаласи ҳам ишсиз, ота-онасининг нафақа пулига кун кўрар экан. Тоғли жой, менимча икки фарзанд, ҳатто мактаб эшигини кўрмаган бўлмаса керак. Қаранг, салкам 30-35 ёшни қоралаб қолган бу икки фарзанднинг ранг-туси умуман қишлоқ одамларига ўхшамайди. Улар шунчалик нозик ва оппоқ эдики, худди Сибир ўлкасидан келиб қолган. Иккаласи ҳам камгап, кейин билсам улар умуман уйдан ташқарига чиқмас экан. Хонадоннинг ичи қоронғи бўлиб, ҳар хил латталарни дераза ромига михлаб ташлашган. Ҳовли бўлса, эшик остонасигача ўт босиб кетган. Ҳамроҳимдан сўрасам, бу уйга ҳатто қўни-қўшнилар ҳам қадам босмасмуш. Чидай олмадим, маҳаллий шеригимни олиб, қишлоқ оқсоқолининг уйига бордик. Оқсоқол бир умр мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганлигини айтди. Қишлоқ тарихи ва аҳолисини яхши таърифлаб берди. Сиз айтган одам асли бу ерлик эмас, тепароқдан тоғдан тушган дейишади. Ҳеч кимга қўшилмайди. Ёшлигида қаердадир ўтириб чиққан. Болалари ҳам балоғатгача ёпиқ болалар уйида катта бўлишган. Анави пастдаги жарликда бу кишининг туғишган укаси туради, сўққабош. Жарликнинг бир четини ковлаб уй қуриб олган. Эчки, қўй, товуқ боқиб кун кўради. Лекин бўш қолдими, бозорга бориб-келиб туради. Ака-уканинг иккаласи ҳам мохов бўлишган дейишади. Аммо ҳеч ким билмайди. Демак, касаллик буларни бир умрга таъқиб қилар экан. Ахир Хиндистонда конференция пайтида моховлар катта залда биз билан ёнма-ён ўтиришди-ку. Биздаги аҳволни кўриб юрагим орқага тортиб кетди. Бир эмас бир қанча оилаларни ўз қўлимиз билан жувонмарг қилсак. Шафқатсизликнинг охири борми-йўқми? Ахир энди моховлардан қўрқишга ҳеч қанақа ҳожат қолмадику. Қайси асрда яшаяпмиз. Одамлар коинотни забт этмоқда.
Ушбу вилоятдаги сафаримнинг ниҳоясида вилоят тери таносил касалликлари диспансери залида 50-60 та шифокорлар билан семинар-маъруза ўтказдим. Эътиборлиси шундаки, бир гуруҳ шифокорлар менга тўлиқ қўшилди, бир қисми аксинча иккиланишди. Кейин билсам Самарқанд тиббиёт институтини якунлаганларга мохов касаллиги узоқ йиллар сал қўрқинчли қилиб, бошқа тиббиёт олийгоҳларида эса ўзгача ўтилган экан. Ушбу соҳани тўлиқ ўрганиб чиқишни келажакка ўз олдимга вазифаларимдан бири қилиб қўйдим.
Бухоро вилоятида ишларим тез якунланди, сабаби бу ҳудудда бор-йўғи 80 йил давомида 6 тагина беморлар қайд қилинган. Беморларнинг 4 нафари ҳозирги Томди туманидан, яна 2 нафари Бухоронинг Ромитан туманидан қайд қилинган. Уларнинг ҳаммаси Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятидан (20-30 йиллар) кўчиб келишган. Ҳозирда барчаси умрини яшаб вафот этишган. Оила аъзолари кейинчалик яна ўз ўлкаларига қайтиб кетишган. Демак, мохов касаллигининг бирон бир жойда пайдо бўлишида миграциянинг ўрни бор эканда. Сурхондарё ва Қашқадарёда беморларнинг асосий қисми “тоғдан тушган” бўлса, Бухорода эса беморларнинг ҳаммаси қўшни Республикадан кўчиб келган.
Кейинги манзил Самарқанд вилояти бўлди. Мени вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори Раҳматулла Иноятович кутиб олди. Қаранг, Рахматилло ака вилоят ҳудудида қанча беморлар бўлганлигини ёддан билар экан. Моховларнинг асосий қисми Ургутдан бўлади, тоғли ҳудудлардан аниқланган.
- Болам, мен сизга айтсам беморларнинг ҳаммаси аллақачон ўтиб кетишган. Қавми-қариндошлари ҳам кейинчалик ўз юртларига кўчиб кетган. Улар асли Тожикистоннинг Хожикентидан бўлади. Шунинг учун бемалол айтишим мумкин, ҳозирги кунда вилоятда эпидемиологик аҳвол яхши. Аммо биласиз Самарқандга саёҳатчилар кўп келади. Айниқса, Африка, Ҳиндистондан келганлардан кўз қочирмаслигимиз керак. Тўғрисини айтсам суҳбатдошимнинг фикрлари мен учун катта аҳамият касб этди. Учрашувимиз ниҳоясида Раҳматилло Иноятович мендан бир нарсани илтимос қилди.
- Ука, менинг ёшим 70 га бориб қолди. Шу десангиз нафақа таътилига чиқадиган вақт бўлиб қолди. Ишхонамизда Олимжон деган ёш шифокор бор, жуда меҳнаткаш, фаол, ўз ишини билади. Сиз фан докторисиз. Шу йигитни менинг ўрнимга бош шифокорликка тавсия қилинг. Ўйлайманки, юқоридагилар йўқ демайди.
Эртаси куни Раҳматилло ака мени ёнимга Олимжонни қўшиб, кузатиб қўйди. Мен шеригим билан Самарқанддан 30-40 км узоқликдаги Булунғур лепрозорияси томон йўлга тушдик. Йўлда Олимжон билан бозор-ўчар ҳам қилиб олдик. Қаранг, лепрозорияга яхши кирган эканмиз. Моховхонада 24 йилдан бери даволанаётган (аниқроғи яшаётган) сурхондарёлик Чори ака вафот этибди. Биз ҳам марҳумнинг дафн маросимида қатнашдик. Катта ёшдаги эркак фаррошлар майитни ювиб тараб беришди. Ёшлар бир пастда тол шохларини кесиб нарвон ясашди. Толнинг пўсти билан нарвоннинг ҳамма дасталарини мустаҳкам қилиб боғлашди. Устига қамиш шохларини текис қилиб тахлаб, устидан қора тўл қоғозини қўйишди. Кейин кўрпача солиб, кафанли майитни жойлаштириб устини беморнинг чопони билан ёпишди. Жанозасини Ноим деган бемор ўқиди. Маросимда моховхонанинг бош шифокори, ҳамширалар, қоровул ва хизматчилар ҳаммаси иштирок этишди. Мени маҳалланинг почтальони қатнашгани эътиборимни ўзига тортди. Унинг айтишича, кекса беморларнинг ҳаммаси нафақасининг бир қисмини почта ходими орқали омонат кассасида сақлар экан. Фақат битта шарт билан – мабодо бемор моховхонада вафот этса, омонат пулларининг ҳаммаси унинг йиғинларига сарфланар экан. Пулларни моховлар иштирокида почтальон касалхона касаба уюшмаси раисига топширди.
Бир пайтлари кекса эпидемиолог моховга чалинганлар ўлса, уларни хлорамин ёки формалин билан аввал бўктириб кейин дафн қилишади, ҳатто гўр ичига керосин қуйишади, - дегани қулоғимда қолган. Лекин бу сафар у айтганчалик бўлмади, ҳаммаси сафсата экан. Марҳумни ҳамма қатори дафн қилдик. Қабристонни эринмасдан бир айланиб чиқдим, атрофи темир панжара билан ўралган. Аммо панжаранинг жуда кўп қисми қийшайиб, синиб ётарди. Уларни ушлаб турган темир устунларнинг ҳар 2-3 тадан бири йўқ эди. Дўмпайиб турган гўрлар усти нотекис, жуда кўп жойини сичқон, юмронқозиқлар ин қуриб тешиб ташлашган. Қабристонда одамнинг тиззасигача келадиган ўт-тиконлар ястаниб ётарди. Лекин ҳаммасидан ҳам бир нарса менинг эътиборимни тортди. Корейс, рус, арман, тожик, қорақалпоқ, қозоқ ёки ўзбек дейсизми, миллати, дини, эътиқодига қарамасдан ҳамма-ҳаммаси битта қабристонга кўмилганди. Яна кекса тожик беморнинг гаплари эсимга тушди “билиб қўй, болам сизлар ҳатто бизнинг ўлигимизни ҳам ўз қабристонларингизга қўшмайсизлар”. Ҳа, бу сўзлар аччиқ ҳақиқат эди. Биз инсонлар бир-биримизга нисбатан нақадар ваҳшиймиз.
Дафн маросимдан сўнг Олимжон билан биргаликда моховхонанинг бутун ҳудудини айландик. У шунчалик катта эдики, кун бўйи айлансак ҳам охири кўринмасди. Деҳқончилик, боғбончилик қилиб юрган жуда кўп хизматчиларга кўзим тушди. Яна кимдир мол, қўй боқиб юрарди, ҳатто алоҳида-алоҳида молхоналар, товуқхоналар, дарахтзорлар ичида жойлашганди. Бир пайт 15-20 та қўй боқиб юрган аёл олдимиздан чиқиб қолди. Қўйларини қўйхонага қамади. Ёши олтмишлардан ошган, қўлларининг бармоқлари ҳар хил латталар билан боғланган бу аёлнинг кўзлари ҳам ўзгача эди. Биз унга қаттиқроқ овозда салом бердик, у алик олдида, қулоғим яхши эшитади, аммо кўзим унчалик кўрмайди. Чорибой ҳам ўлибди, у бояқиш ўлимини роса кутди. Охирги бир йил жуда қийналди, қорни шишиб кетди. Цирроз дейишди. Сурхондарёда болалари бор. Хотини бошқа эрга тегиб кетган, умуман келишмади, бизнинг охиратимиз шунақа болам. Мен бу соҳада ҳали ишлаганимга кўп бўлгани йўқ, сиздан илтимос бироз ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз, сиз ҳақингизда кўпроқ билишни истайман. Бизга сен ҳақингда аллақачон хабар келган, Сизлар бу ерда нима бўлаётганини билмайсизлар, аммо бизга жуда кўп нарса маълум. Беморларнинг бир қисми кўр, бир қисми ногирон, қолганлари менга ўхшаб мол-қўй билан шуғулланади. Деҳқончиликка қўл-оёқларимиз ярамайди. Мен асли Қорақалпоқнинг Қўнғиротиданман. Исмим Хадича. Касалхонага тушганимда 15-16 ёш эдим. Мана 45 йил ҳам ўтиб кетди. Авваллари камида 10-15 курс сульфон препаратлари билан даволанишарди. Унга камида ўн йил вақт кетарди. Ўн саккизга кирар-кирмасимдан бир кавказлик эркак мени ўзига хотин қилиб олди. У пайтлари бу ерда 200-250 та дан ортиқ беморлар бўлган. Ит эгасини танимасди. Кавказликнинг асл миллати чечен бўлиб, менинг ёнимга ҳеч кимни қўймасди. Ёш сулувгина аёл эдим. Икки қизлик бўлдик. Қизлар аввалига Самарқанддаги болалар уйида тарбияланишди. Кейин Россияга кетиб қолишди. Бир-икки йилда камида келиб туришади. Чечен эрим бўлса даво курсларини тугатгач, ўз юртига кетиб қолди. Мен сўққабош бўлиб қолиб кетдим. Қизларим мени кўп маротаба олиб кетишмоқчи бўлишди, аммо рози бўлмадим. Шунда Олимжон шошилиб бирданига нимага кетмадингиз деб қолди. “Эээ болам бу мохов деган дард ўлганингдан сўнг ҳам тинчлик бермайди. Чунки сенга ўхшаган дўхтирлар оила-аъзоларингни 20-30 йилгача текшириб туришади, назоратига олади. Биласанми, бу иснод доимо изингдан юради. Моховхонада юрсанг касаллик манбаи моховхонада қолади. Болаларингга зарар тегмайди. Бизнинг қисматимиз шунақа. Эҳе, болам, авваллари касалхонага тушган ёш йигит-қизларнинг бир қисми уят, иснодга чидай олмасдан нечтаси ўзини-ўзи осди, томирларини кесишди. Эркакларнинг кўпчилиги пияниста бўлиб қолишди. Чорибойнинг бекорга қорни шишгани йўқ. Ароқ, вино, пиво – ҳаммасини аямасдан ичарди. У жуда кексайганича йўқ, алам азобида ўлди”.
- Опа, атрофида меҳнат қилаётган деҳқонлар ҳаражатларингизга ёрдам бермайдими?
Шу пайт Хадича опанинг қийшайган лаблари баттар қийшайиб кетди.
- Буни катталардан сўра, Совет даврида деҳқончилик, боғбончилик ва чорвачиликдан тушган ҳамма фойда моховхонанинг омборхонасига тушарди. Эндиликда ҳамма нарса бошма-бош бўлиб тарқалиб кетди. Кўзбўямачилик учун 3-4 қоп полиз экинларидан беришади, холос.
- Атрофдагиларнинг ҳаммаси моховхонага бемалол кириб чиқиб юришибди. -Улар касаллик юқиб қолишидан қўрқмайдими?
– Йўқ бу ерда ҳеч ким биздан қўрқмайди, керак бўлса бола-чақаси билан кун бўйи моховхонада юришади. Узоқда бўлсаларинг ҳам сизлар биздан қўрқасизлар, ҳамма ваҳимани қилган аслида сизлар бўласизлар. Қўшни қишлоқ, маҳалла, овуллардан ҳали ҳеч ким 40-50 йил ичида мохов бўлгани йўқ, бўлмайди ҳам. Биз моховлар буни яхши биламиз. Аммо сизлар буни билмайсизлар, ҳатто билишни истамайсизлар ҳам. Мохов бўлдими, тамом. Моховхонага жўнат, бу тиббиётнинг буйруғига айланган. Уни бажармасанг албатта жазоланасан.
Олимжон менга қараб қолди, мен унга. Қўй боқиб юрган оддий онахон бу маълумотларнинг ҳаммасини қаердан билади? Кейинроқ тушунсак, авваллари доимо беморлар билан сиёсий дарслар, суҳбатлар кўп ўтказилган. Қолаверса, улар кун бўйи радио эшитиб, телевизор кўришган. Газета, журналларни ҳар доим варақлаб туришганлигининг ҳисобига уларнинг кўпчилиги сиёсатни яхши тушунишар экан.
Эгамберди Эшбоев.
Давоми бор.