Ҳазора бошбекати 15 кундан бери нега ёпиқ?
Таҳририятимизга кўпчилик фуқаролар томонидан 15 кундан буён Самарқанд шаҳридаги Ҳазора автобошбекати ёпиб қўйилганлиги, унга нафақат йўловчилар, балки жамоат транспортлари ҳам киролмаётганлигини ҳақида мурожаат қилишди.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида мазкур автобошбекатга бориб вазиятга ойдинлик киритдик.
«Хазора» автобошбекати - Самарқанд шаҳрининг асосий кириш дарвозаларидан бири ҳисобланади. Бекат орқали кунига турли йўналишларда 25 та автобус, 50 га яқин турли русумдаги жамоат транспортлари йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Автобошбекат раҳбари Эрдон Раҳмоновнинг айтишича, 7-8 ноябрь кунлари ёққан кучли ёмғир туфайли автобошбекат ҳудудидан ўтган бетон ариқ тўсилиб қолган ва атрофни сув босган. Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчилари келиб автобошбекатга кириш йўлида жойлашган ариқнинг қувурини олиб ташлаб тўпланган оқова сувларини чиқариб юборган. Бироз вақтдан сўнг ўзлари диаметри 1000 миллиметрлик қувур ўрнатишга ваъда берган. Бироқ орадан 15 кун ўтса-да, улар ўз ваъдаларини устидан чиқишмаган. Натижада Ҳазора маҳалласи орқали Самарқанд шаҳрига кириб келиш йўлида куни билан тирбандликлар пайдо бўлган.
- Тўсатдан ёққан кучли ёмғир Ҳазора маҳалласи кўчаларини босиб, бекат ҳудудидаги ариққа келиб қуйилган ва қувурга шох-шаббалар тиқилиши натижасида сув йўли тўсиб қўйилган экан, - дейди Самарқанд ободонлаштириш бошқармаси транспорт бўлими бошлиғи Маъмур Муҳсинов. - Биз ишчиларимиз билан ариқни тозалаш мақсадида бекатга кириш йўлидаги 500 мм.лик ҳажмдаги қувурни олиб ташладик. Энди бекат раҳбарияти каттароқ ҳажмдаги қувурни олиб келиб қўйишлари керак. Бунга бизнинг алоқамиз йўқ.
Самарқанд ободонлаштириш бошқармаси мутасаддилари томонидан содир этилган бу ҳолатга бекат раҳбарияти ва ҳайдовчилар ўз эътирозларини билдирмоқда.
Бугун ижодий гуруҳимиз билан борган вақтимизда бекат раҳбарлигида ҳайдовчилар ҳашар йўли билан эски қувурни яна жойига кўмиб, бекатга кириш йўлида транспорт ҳаракатини тиклашган экан.
Шу ерда бир савол туғилади, аслида шаҳар маҳаллаларидан оқиб ўтувчи мазкур ариқни тозалаш ва таъмирлаш ишлари шаҳар ободонлаштириш бўлими вазифасига кирмайдими? Ариқ ҳудудидан оқиб ўтгани учун Ҳазора автобошбекати жавобгар бўлиши керакми? 15 кундан буён жамоат транспортининг пул тушуми режалари бажарилмай келаётганлигига ким сабабчи?
Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлардан жавоб кутиб қоламиз?
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.