Янги лойиҳа: автомашиналар чархпалаги шаҳардаги тирбандликларни бартараф этишга ёрдам беради(ми?)

«Миллий тикланиш» демократик партияси Самарқанд шаҳар Кенгаши ҳамда шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳри кўча ва йўлларида машиналар тирбандлигини олдини олиш мақсадида янги лойиҳаларни ўрганиб чиқди.

- Бугунги кунда шаҳардаги кафе, ресторан ва тўйхоналарнинг атрофида автомобиллар тўхташ жойи деярли ташкил этилмаган, - дейди ишчи гуруҳ раиси ўринбосари Акбар Ахтамов. – Тўйхоналарга келган меҳмонлар машиналарини йўл четига қаторлаштириб қўяди. Шунингдек, савдо мажмуалари ва дўконларга келган кишилар йўл ёқасига уловини қўйиб кетаверади. Айниқса, бозорлар ҳудудларидаги автотураргоҳларнинг сиғими кичиклигидан машина қўйишга жой топилмайди. Оқибатда улар бошқа транспортларнинг ҳаракатланишига халақит беради.

Шаҳарда бу каби сарсонгарчиликларни олдини олиш мақсадида янги лойиҳалар ўрганилмоқда.

- Жаҳоннинг йирик мегаполис шаҳарларида ҳам автомашина сақлаш жойлари асосий муаммолардан бири ҳисобланади, - дейди ана шундай лойиҳалардан бирининг ташаббускори Хайрулла Мамасолиев. – Бунга ечим сифатида Токио, Шанхай, Москва, Рим каби шаҳарларда кўп қаватли автомобиль тураргоҳлари мавжуд. Биз таклиф қилаётган янги лойиҳа ҳам шаҳримизнинг машиналар энг тиғиз ҳаракатланаётган ва тирбандликлар юзага келаётган ҳудудларига мос келади. Бу - автомашина учун чархпалакка ўхшаш объект ўрнатишдир. Мазкур “чархпалак”ка кичик ҳудудни эгаллаган ҳолда 12-16 тагача машинани жойлаштириш мумкин. Бу тажриба бутун жаҳонда кенг қўлланилмоқда. Бундай автомашиналар “чархпалаги”ни Самарқанд шаҳри бўйлаб 50-60 тагача ўрнатиш, шундагина аҳоли гавжум ҳудудлар ва машиналар тирбанд бўладиган кўча ва йўллардаги ҳаракатларни тартибга солиш мумкин.

Дилмурод Тўхтаев.