Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳазрати Башир зиёратгоҳи ҳақида нималарни биласиз?

Бу зиёратгоҳ Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган. Бу туманда, шунингдек, Ҳасан ота, Ҳазрати Башир ота мактаби, Хўжа Илмкон хонақоси, Ҳазрати Султон зиёратгоҳи, Ҳожи Неъматуллоҳ Валий мақбараси, Спитамен, Абу Муслим, Муқанналар жанг килган жанггоҳлар бор.

Ҳазрати Башир зиёратгоҳи тумандаги Башир қишлоғида жойлашган бўлиб, зиёратгоҳ номи шу жойда яшаб ўтган авлиё Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир (1368-1464) номи билан боғлиқ. Ҳазрати Башир қишлоғи Китоб шаҳридан 30,5 километр шимоли-шарқда тоғлар орасида Қашқадарё дарёсининг соҳилида жойлашган.

Тарихий манбаларга кўра, Ҳазрати Башир Кофлотун қишлоғида таваллуд топган. Унинг оталари Хўжа Ҳасан 90 ёшда, оналари Биби Малоҳат 80 ёшда бўлишларига қарамай, уларнинг фарзанди бўлмаган. Кунларнинг бирида шу тарафга йўли тушган Амир Темурнинг пири Мир Саид Бараканинг укаси Саид Неъматуллоҳ уларнинг ҳақига дуо қилади. Кўп ўтмай, дуо ижобат бўлиб, Ҳазрати Башир дунёга келади. Бироқ кексайиб қолган онадан сут келмайди. Чақалоқни атрофдагилар “Бешир” (сутсиз) деб атай бошлашади.

Аллоҳнинг мўъжизаси билан уларнинг ҳовлисидаги катта чинор остида чашма пайдо бўлиб, ундан бола эмизикли ёшдан ўтгунча сут оқади. Бу чашма ҳанузгача саратонда ҳам муздек, тип-тиниқ суви ва шифобахшлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам зиёратгоҳга келганлар бу сувдан ичиб, ўзлари билан ҳам олиб кетади. Ҳазрати Башир қишлоғи теварагида Варганза, Чуқурақ, Қатарбоғ, Койини, Шатри, Чинор, Қўшчинор, Бодомзор Косагар, Хирмонжой, Анорзор, Тошлоқ, Қўшчинор, Ҳазрати Башир қишлоқлари бор.

Ҳазрати Башир даврида Башир қишлоғи маърифат ўчоғига айланган. Али Қушчи ҳам шу қишлоқда макон тутган ва Ҳазрати Баширнинг ҳузурига тез-тез келиб турган. Мирзо Улуғбек вафотидан кейин унинг қурдирган расадхонаси вайрон қилингач, Али Қушчи расадхонанинг секстантни Башир кишлоғидаги Ниёзтепага кўчиради. Шу ерда қурилган, "пойирасад"да юлдузлар устида сўнгги кузатув ишларини олиб боради...

Айтишларича, Ҳазрати Башир қишлоқдаги Ниёзтепада дафн этилган. Унинг қабри олдидаги арча дарахти ёнида у кишининг ҳассаси бўлган. Ҳазрати Башир ота ҳассасини улоқтириб, “Қаерга бориб тушса, ўша жой менинг қабрим бўлади”, деган эканлар. Ҳасса йўғон томони билан ерга қадалиб қолган ва шунинг учун бошқа дарахтлардан фарқли равишда унинг паст томони ингичка, юқори томони йўғон экан.

Хуллас, Ҳазрати Башир зиёратгоҳи ва бошқа азиз авлиёларимизнинг тарихда ким бўлгани, ўша даврдаги аҳолининг турмуш-тарзи,  ўтмишда ота-боболаримиз қандай яшаганлиги, уларнинг қилган ишлари ва ўша давр ҳақида билишни истаганлар уларнинг номига бунёд этилган мақбара ва мажмуаларни зиёрат қилганлари маъқул!

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.