Ҳазрати Довуд зиёратгоҳида 5 миллион долларлик осма дор йўли қурилмоқда

Самарқанд шаҳрида “пуб стреет” лойиҳаси амалга оширилади. Алишер Навоий, Ислом Каримов кўчалари туризм кўчасига айлантирилади.

Жорий ва келгуси йилда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан қиймати 3 триллион 337 миллиард сўмлик 126 та лойиҳа амалга оширилади. Туризмни ривожлантиришга қаратилган мазкур лойиҳалар натижасида 3 минг 74 та янги иш ўринлари яратилади.

Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ҳудудида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 5 миллион долларлик осма дор йўли қурилмоқда.

Нуробод туманидаги Тепақул қишлоғида эса 1 миллион доллар асосида бир кунда 500 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга дам олиш маскани барпо этиляпти.

Худди шундай маскан Ургут туманидаги “Қоратепа” сув омбори ҳудудида ҳам қурилади. Қиймати 1 миллион долларлик лойиҳа асосидаги замонавий дам олиш масканида жойлаштириш воситалари, овқатланиш шохобчалари ва спорт майдончалари ҳам бунёд этилади.

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий, Ислом Каримов кўчалари туризм кўчасига айлантирилади. Мирзо Улуғбек, Давлатобод ва Озод Шарқ кўчалари кесишган ҳудудда “пуб стреет” лойиҳаси амалга оширилади.

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 23-сессиясида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, 100 та оилавий меҳмон уйлари, 30 дан ортиқ туроператорлик фаолияти, 120 та гид-экскурсия етакчиларини тайёрлаш, 33 та санитар-гигиеник шохобча фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, 5 та туристик синфдаги автобус, 15 та микроавтобус, 6 та электромобиль харид қилиниб, 3 та туристик ахборот марказлари, 32 та Ви-Фи ҳудудлари ташкил этилади.